Маҳсулот: сифат ва самара
Айни кунда корхонада 350 киши меҳнат қилмоқда.
Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги Нодирабегим маҳалласида “Dinar textile” масъулияти чекланган жамияти тасарруфида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Dinar color” корхонаси иш бошлади.
Андижонда саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш, мавжуд корхоналарни қўллаб-қувватлаш, барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида вилоятда ана шундай корхоналар сони, айниқса, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Корхонага хорижий давлатлардан энг замонавий бичув, тикув дастгоҳлари, илғор технологиялар олиб келиб ўрнатилди. Умумий лойиҳа қиймати 1 миллион долларга тенг бўлган мазкур корхона йилига 1,5 миллион дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
– Болалар ва аёллар учун бежирим кийимлар, бошқа турдаги трикотаж маҳсулотлари тайёрлаймиз, – дейди “Dinar color” корхонаси раҳбари Абдурасул Абдуллаев. – Маҳсулотларимиз асосан Қирғизистон, Россия ва Украина давлатларига экспорт қилинади.

Айни кунда корхонада 350 киши меҳнат қилмоқда. Улар самарали фаолият юритиши учун барча зарур шароит яратилган. Жумладан, бепул тушлик, ишга бориб-келиш учун транспорт қатнови йўлга қўйилган. Келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш ҳисобига 50 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

– Самарали иш юритишимиз учун барча қулайликлар яратилган, –дейди корхонанинг тикув цехи ишчиси Сожидахон Жалолова. – Бажарган ишимизга қараб ойига ўртача 800 минг сўмдан 1 миллион сўмгача иш ҳақи оламиз.
Корхона очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.
