Маҳсулот омборда қолиб кетмайди
Шунингдек, 2 та саноат корхонаси омборида қолдиқда турган жами 365 миллион сўмлик маҳсулотлар экспорт қилинишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Фарғона вилояти прокуратураси томонидан пандемия шароитида маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилиш борасидаги муаммолар ўрганилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 20 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида сентябрда 26 мингта корхона фаолиятини тўлиқ қувватга олиб чиқиш, уларнинг пандемия туфайли тўпланиб қолган маҳсулотларини сотиш учун шарт-шароитлар яратиш борасида вазифалар белгилаб берилган эди. Фарғона вилоятида ҳам ушбу йўналишда тегишли тадбирлар олиб бориляпти.
Жумладан, тадбиркорлар билан ҳудудларда ўтказилган суҳбатларда уларнинг 330 тасида турли йўналиш бўйича муаммолар мавжудлиги аниқланган. Кўрилган чоралар натижасида 288 та саноат корхонасига маҳсулотини реализация қилиш учун харидор топишда, 14 тасига жой ажратилишида, биттасига коммунал соҳадаги муаммоси ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Омборида 70 миллион сўмлик оёқ кийимлари сақланаётган «Uzsalaman» қўшма корхонаси раҳбари билан ўтказилган суҳбат жараёнида кўтарилган «Фарғона савдо мажмуаси» масъулияти чекланган жамияти ҳудудидан савдо дўкони ажратишга доир муаммо ҳал этилиб, омбордаги маҳсулотлар тўлиқ сотувга чиқарилди. «Арабмозор обод қурилиш» МЧЖ омборидаги реализация қилинмасдан турган 104 миллион сўмлик маҳсулот шартнома асосида сотилишига эришилди.
Шунингдек, 2 та саноат корхонаси омборида қолдиқда турган жами 365 миллион сўмлик маҳсулотлар экспорт қилинишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Маҳсулотларни реализация қилиш борасида муаммолари мавжуд бўлган саноат корхоналарига меҳнат ресурсларини топиш, тегишли рухсатномаларни расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишдаги муаммолар ҳам жойида ҳал қилинмоқда.