Маҳаллий маҳсулот ҳажми ортмоқда
Мамлакатимизда саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш, ички тармоқ ва тармоқлараро, корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бермоқда.
Мамлакатимизда саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш, ички тармоқ ва тармоқлараро, корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бермоқда.Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги “2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни Маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Навоий вилоятида истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда Маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 лойиҳа бўйича тайёр маҳсулот, материаллар, бутловчи қисм ва деталлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши самарасида йўл қурилиши, кимё ва кон саноати, энергетика тизими учун зарур кўплаб хомашё ва маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Қизилтепа туманида жорий йилда иш бошлаган “New textile Navoiy” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида кунига юзта электр иситкичли кўрпача ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонанинг истиқболли лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида турли божхона ва солиқ имтиёзлари тақдим этилаётир.
Корхонада дастлаб 500 минг долларга тенг лойиҳа ўзлаштирилиб, Жанубий кореялик сармоядорлар билан енгил саноатда янги ишлаб чиқариш тури жорий этилди. Электр иситкичли кўрпалар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ушбу замонавий кўрпалар организм учун мутлақо зарарсизлиги ва ҳамёнбоплиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Айни пайтда 12 ишчи меҳнат қилаётган корхонада маҳаллий хомашёдан бежирим тўшама ва кўрпалар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспортни йўлга қўйиш борасида изланишлар олиб борилмоқда.
Бу каби инновацион лойиҳаларни амалга ошириш самарасида вилоятда Маҳаллийлаштириш дастури асосида импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш тобора кенгаймоқда. Кичик ва йирик корхоналар ўртасида кооперация алоқалари янада мустаҳкамланаётгани бу борада муҳим омил бўлаётир.
Жорий йилда вилоятда Маҳаллийлаштириш дастури асосида 65 миллиард сўмлик экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Бунда “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси, “Навоийазот” акциядорлик жамияти ва “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасидаги корхоналар ҳамда “Heating Radiators” ва “Зарафшон извест” масъулияти чекланган жамиятларининг муносиб улуши бор. Шунингдек, ҳудудий дастурга қўшимча тарзда қиймати қарийб 10 миллиард сўмга тенг 7 лойиҳани ўзлаштириш кўзда тутилган.