Маҳаллий хомашёдан сифатли маҳсулотлар
Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги 2015-2019 йиллар учун тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар самарасида Фарғона вилоятида тармоқ ва тармоқлараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.
Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги 2015-2019 йиллар учун тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар самарасида Фарғона вилоятида тармоқ ва тармоқлараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.Техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланаётган корхоналарда харидоргир, замонавий ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилаётир.
– Маҳаллийлаштириш дастури асосида 26 корхонада 38 истиқболли лойиҳа амалга оширилди, – дейди Фарғона вилояти иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Тожиҳакимов. – Маҳаллий хомашёдан тайёрланаётган янги турдаги маҳсулотлар юқори сифати ҳамда халқаро андозаларга мослиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. Дастур асосида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, бўёқлар, кир ювиш воситалари, электр чойнаклар, цемент заводлари учун эҳтиёт қисмлар, маиший газ плиталари, газ ташиш ва тарқатишга мўлжалланган ярим тиркамали цистерналар, иситиш батареялари, юмшоқ ўйинчоқлар, полиэфир тола, сэндвич-панел каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Фарғона шаҳридаги “Экопласттекс”, “Белла пласт”, “Газ буюм сервис”, Қўқон шаҳридаги “Глобал Азия стандарт”, “Кристалл инвест пласт”, Бувайда туманидаги “Ал-Мансур”, Данғара туманидаги “Мега Кетл” корхоналарида иш фаолиятининг асосини ташкил этувчи бизнес-режалар сифат, экологик тоза маҳсулот ва мақбул нарх тамойили асосида ташкил этилгани эътиборлидир.
2015 йилнинг тўққиз ойида ушбу корхоналар томонидан 36,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 208 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобидан 10 миллион доллар миқдорида шартли валюта захирасини тежашга эришилди.
Эътиборли жиҳати, 2014 йилда “Белла пласт” масъулияти чекланган жамиятига 1 миллиард сўмга яқин, “Экопласттекс” масъулияти чекланган жамиятига 200 миллион сўмдан ортиқ солиқ ва божхона имтиёзлари берилган. 2015 йилнинг январь-март ойларида 26 корхонага 327 миллион сўмлик солиқ имтиёзи қўлланилди.Иқтисод қилинган маблағлар корхоналар инвестиция салоҳиятини ошириш, ишчи-ходимларни моддий рағбатлантириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот нархини камайтиришга йўналтирилмоқда.
2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, вилоятда маҳаллийлаштириш учун таклиф қилинаётган 162 турдаги ҳамда умуман янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича 13 корхонада 19 лойиҳа шакллантирилди. Айни пайтда мазкур корхоналар билан биргаликда лойиҳа паспортлари тайёрланмоқда.Дастур доирасида Қувасой шаҳри, Бешариқ, Бағдод, Қўштепа, Риштон, Фарғона, Фурқат, Ўзбекистон туманларидан янги лойиҳалар киритилаётир.