Лючжоу марафони экологик тараққиёт ва халқаро ҳамкорлик тимсоли
Хитой Халқ Республикасининг Лючжоу шаҳрида 2026 йил 29 март куни анъанавий халқаро марафон мусобақаси ташкил этилди. Унда 25 минг нафарга яқин спортчи иштирок этиб, мусобақа глобал спорт ҳамжамиятининг эътибор марказида бўлди.
Марафон дастуридан тўлиқ (42,195 километр) ва ярим (21,0975 километр) масофалар ўрин олди. Мусобақа йўналиши ўзининг ноёб шакли ва бетакрор табиий манзаралари билан ажралиб туради. Люцзян дарёси бўйлаб чўзилган трасса шаҳар инфратузилмаси, табиий муҳит ва маданий мерос объектларини уйғунлаштирган ҳолда иштирокчилар учун қулай ва жозибадор шароит яратди.

Баҳор фаслида баугиния (манзарали гулловчи дарахт) дарахтларининг оммавий гуллаши натижасида марафон йўналиши гўёки гуллар билан безатилган табиий галереяга айланади. Бу эса мусобақанинг халқаро нуфузини янада ошириб, унинг “энг гўзал марафон трассаларидан бири” сифатида эътироф этилишига замин яратган.
Сўнгги йилларда Лючжоу шаҳрида амалга оширилган кенг кўламли экологик ислоҳотлар, жумладан, сув ресурсларини муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва “шаҳар-боғ” концепциясини жорий этиш натижасида барқарор ривожланиш таъминланмоқда. Бу жараёнлар Хитойда экологик сиёсат устувор йўналиш сифатида изчил амалга оширилаётганини кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда. Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика, шунингдек, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилган. Бундай йирик халқаро тадбирлар эса халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Лючжоу марафони нафақат спорт мусобақаси, балки замонавий шаҳарсозлик, экологик барқарорлик ва маданий меросни тарғиб этувчи муҳим халқаро платформа сифатида ҳам аҳамият касб этмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА