“Lufthansa Technik” билан узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон авиация соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш йўналишларида янги имкониятлар яратилмоқда.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов “Lufthansa Technik” компанияси молиявий директори Кристиан Лайфелд ҳамда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Марион Эдель билан учрашди.
Мулоқот давомида ҳаво кемаларини техник қўллаб-қувватлаш, авиа техникасига техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш соҳасидаги компетенцияларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар ҳаво кемалари паркини икки баробарга ошириш режалари инобатга олинган ҳолда узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, Airbus A320 ceo/neo ва Boeing 787 ҳаво кемалари бутловчи қисмларини техник қўллаб-қувватлаш бўйича келишувни 2035 йилга қадар узайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, LEAP-1A ва CFM56-5B авиа двигателларига техник хизмат кўрсатиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Келгуси ўн йилликдаги ҳамкорлик йўналишлари, жумладан, “Uzbekistan Airways Technics” корхонасининг техник компетенцияларини ривожлантириш ва мавжуд имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Музокаралар якунида “Lufthansa Technik” ва Тошкент давлат транспорт университети ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш таклифи билдирилди. Хусусан, авиация-техника факультети талабалари учун стажировкалар ташкил этиш, фуқаро авиацияси соҳасида қўшма таълимий ва касбий дастурларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Мазкур ҳамкорликнинг ривожланиши Ўзбекистонда юқори малакали авиация мутахассисларини тайёрлаш, халқаро тажрибани амалиётга жорий этиш ҳамда мамлакат авиация соҳасининг кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Lufthansa Technik” — авиация транспортига техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган Германия компанияси бўлиб, “Lufthansa” авиакомпаниясининг шуъба корхонаси ҳисобланади. Компания ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш, шунингдек, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш йўналишларида фаолият юритади. Ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича дунёдаги энг йирик бешта компаниядан биридир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА