“Лос-Анжелес–2028” тарихдаги энг йирик Паралимпия ўйинлари бўлиши кутилмоқда
2028 йилнинг 15–27 август кунлари АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида XVI ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Мазкур мегаполис ўз тарихида илк бор Паралимпия ўйинларига мезбонлик қилади.
“LA-28” ташкилий қўмитаси томонидан эълон қилинган мусобақалар тақвими ва спорт объектларига кўра, “Лос-Анжелес–2028” Паралимпия ўйинлари тарихдаги энг йирик мусобақалардан бири бўлади. Унда 23 спорт тури бўйича жами 560 та медаллар жамланмаси соҳиблари аниқланади. Бу эса Паралимпия ҳаракати тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ўйинлар давомида 1100 соатдан ортиқ спорт беллашувлари ташкил этилади. Бу эса томошабинлар ва мухлисларга икки ҳафта давомида юқори савиядаги рақобатни кузатиш имконини беради.

“Лос-Анжелес–2028” дастуридан пара енгил атлетика, пара сузиш, пара таэквондо, пара дзюдо, пара бадминтон, пара стол тенниси, пара пауэрлифтинг, пара ўқ отиш, пара эшкак эшиш, пара каноэ, пара триатлон, пара велоспорт, пара от спорти, кўзи ожизлар футболи, голбол, бочча, ўтириб ўйин волейболи, аравачада теннис, аравачада регби ва аравачада қиличбозлик каби спорт турлари ўрин олган.
Шунингдек, пара тошга чиқиш (sport climbing) мусобақалари Паралимпия дастурига илк бор киритилиши билан алоҳида аҳамият касб этади. Мутахассислар мазкур янгилик Паралимпия ҳаракатининг қамровини янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Мусобақалар Лос-Анжелес шаҳри ҳамда унинг атрофидаги бир қатор замонавий спорт иншоотларида ўтказилади. Хусусан, Лонг-Бич ҳудудида пара сузиш, пара тошга чиқиш, пара ўқ отиш, ўтириб ўйин волейболи, кўзи ожизлар футболи, пара эшкак эшиш ва пара каноэ баҳслари ташкил этилади.

Карсон шаҳрида пара камондан отиш, аравачада теннис ҳамда пара велоспортнинг трек йўналишидаги мусобақалари бўлиб ўтади. Аркадия шаҳридаги машҳур «Санта Анита Парк» мажмуаси эса пара от спорти беллашувларига мезбонлик қилади.
Лос-Анжелес марказида жойлашган спорт объектларида пара енгил атлетика, пара таэквондо, пара дзюдо, пара бадминтон, пара стол тенниси, голбол, аравачада регби ва аравачада қиличбозлик бўйича ғолиблар аниқланади.

Бу галги Паралимпия ўйинлари нафақат медаллар сони, балки гендер тенглиги кўрсаткичлари бўйича ҳам тарихий мусобақа бўлиши кутилмоқда. Қатнашчилар учун ажратилган квоталарнинг қарийб 45 фоизи аёл спортчилар ҳиссасига тўғри келади.
Таъкидлаш жоизки, “Лос-Анжелес–2028” Ўзбекистон паралимпиячилари учун ҳам навбатдаги муҳим синов бўлади. Хусусан, сўнгги йилларда жаҳон аренасида юқори натижаларни қайд этаётган пара таэквондо, пара енгил атлетика, пара дзюдо ва бошқа спорт турлари вакилларидан муносиб иштирок кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА