Лондон форуми мамлакат олий таълим тизими учун қандай стратегик имкониятлар яратмоқда?
Бугунги глобал тараққиёт шароитида давлатларнинг иқтисодий қудрати, инновацион салоҳияти ва халқаро рақобатбардошлиги, аввало, инсон капитали сифати билан белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан олий таълим тизими ҳар қандай мамлакат тараққиётининг стратегик устуни сифатида намоён бўлмоқда.
Замонавий университетлар энди фақат билим ва касбий кўникмалар берувчи таълим муассасаси эмас, балки илмий тадқиқотлар, технологик янгиланишлар, интеллектуал ресурсларни шакллантириш ҳамда миллий иқтисодиётнинг узоқ муддатли ривожланишини таъминловчи институционал марказга айланмоқда.

Жаҳон миқёсида таълим тизимида кечаётган трансформация жараёнлари, халқаро академик рақобатнинг кучайиши ва таълим сифатини баҳолаш мезонларининг тубдан янгиланиши мамлакатлардан олий таълим соҳасини янги ёндашувлар асосида модернизация қилишни талаб этмоқда.

Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда мазкур йўналишда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, университетлар фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш, академик мустақилликни кенгайтириш, таълим сифатини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш ва глобал таълим маконига интеграциялашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Айнан шу нуқтаи назардан Лондон шаҳрида Advance HE, Universities UK International ҳамда British Council ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган “Deep Dialogues – Business as Un-usual: Leadership in International Education Transformation” халқаро форумида Ўзбекистон делегациясининг иштироки мамлакатимиз олий таълим тизими ривожида муҳим стратегик воқеалардан бири бўлди.

Мазкур нуфузли халқаро форумда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори ўринбосари Сардор Раҳимбоев иштирок этиб, Ўзбекистонда таълим сифатини таъминлаш, аккредитация тизимини модернизация қилиш, ташқи баҳолаш механизмларини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда академик ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан қатор икки томонлама учрашув ва мулоқотларда қатнашди.

Лондон форуми ХХI аср олий таълимининг янги ривожланиш моделлари муҳокама қилинган интеллектуал мулоқот платформасига айланди. Дунёнинг 22 давлатидан ташриф буюрган университет раҳбарлари, давлат бошқаруви органлари вакиллари, таълим сифатини таъминлаш ташкилотлари ва халқаро экспертлар глобал таълим бозоридаги ўзгаришлар, институционал трансформация, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, трансмиллий таълим ҳамда академик рақобат муҳитининг янги қоидаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистоннинг мазкур жараёнларда фаол иштирок этиши мамлакатимиз олий таълим сиёсати янги сифат босқичига кўтарилаётганини, таълим соҳасидаги миллий ислоҳотлар эндиликда халқаро кун тартиби билан уйғунлашиб бораётганини кўрсатади.

Форумнинг Ўзбекистон учун стратегик аҳамияти, аввало, жаҳоннинг илғор таълим моделлари билан бевосита танишиш, халқаро экспертлар тажрибасини ўрганиш ва миллий тизимни глобал стандартлар билан мувофиқлаштириш имкониятини яратганида намоён бўлди. Бугунги кунда жаҳон таълим тизимида учта устувор тенденция шаклланмоқда: таълимнинг интернационаллашуви, рақамли трансформация ҳамда таълим сифатини халқаро индикаторлар асосида баҳолаш. Форум айнан шу уч йўналиш бўйича энг илғор тажрибаларни бир майдонда жамлади.

Муҳокамалар давомида глобал меҳнат бозори шароитида фақат миллий доирада фаолият юритувчи университетлар узоқ муддатли рақобатда устунликка эриша олмаслиги алоҳида таъкидланди. Бугун университетнинг халқаро нуфузи унинг хорижий талабалар сони, қўшма таълим дастурлари, икки дипломли лойиҳалар, халқаро шериклик тармоғи ва ташқи аккредитация натижалари орқали баҳоланмоқда.
Шу нуқтаи назардан халқаро экспертлар университетларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун қўшма таълим дастурларини кенгайтириш, академик мобилликни ривожлантириш, хорижий профессор-ўқитувчилар иштирокини ошириш, халқаро тадқиқот консорциумларига қўшилиш ва ташқи аккредитация жараёнларини фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Бу йўналишлар Ўзбекистон учун ҳам алоҳида долзарб аҳамиятга эга.
Форум кун тартибида таълим сифатини таъминлаш ва институционал самарадорлик масалалари ҳам марказий ўрин эгаллади. Халқаро экспертлар фикрига кўра, замонавий университетнинг фаолияти нафақат ўқув жараёни, балки битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги муваффақияти, илмий тадқиқотлар натижадорлиги, талабалар қониқиш даражаси, рақамли бошқарув тизимлари самарадорлиги ва ташқи баҳолаш кўрсаткичлари орқали баҳоланиши лозим.
Форумнинг яна бир долзарб йўналиши рақамли трансформация ва сунъий интеллект технологияларини таълим тизимига интеграция қилиш масалалари бўлди.
Jisc экспертлари иштирокида ўтказилган махсус сессияларда университетларнинг рақамли етуклик даражасини баҳолаш, маълумотларга асосланган бошқарув қарорларини қабул қилиш, талабалар академик фаоллигини таҳлил қилиш ва таълим жараёни самарадорлигини big datа орқали мониторинг қилиш бўйича илғор амалиётлар тақдим этилди.
Форумнинг амалий натижалари ҳам алоҳида эътиборга молик. Тадбир доирасида University of York, SOAS University of London, King‘s College London, University College London ҳамда Regent’s University London билан академик ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Ушбу ҳамкорликлар келгусида ташқи баҳолаш ва аккредитация тизимини такомиллаштириш, халқаро экспертлар корпусини шакллантириш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, академик алмашинув дастурларини кенгайтириш ҳамда трансмиллий таълим дастурларини жорий этиш каби муҳим йўналишларни қамраб олиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Лондон форуми Ўзбекистон учун миллий олий таълим тизимини глобал сифат маконига олиб чиқишга хизмат қилувчи стратегик платформа вазифасини бажарди.
Энг муҳими, мазкур жараён мамлакатимиз университетларининг халқаро рақобат муҳитида муносиб ўрин эгаллаши, миллий таълим сифатининг халқаро даражада эътироф этилиши ҳамда Ўзбекистоннинг интеллектуал тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Бугунги дунёда давлатлар қудрати табиий ресурслар билан эмас, балки билим, инновация ва инсон капитали билан белгиланади.
Шу маънода, Лондонда бошланган мазкур ҳамкорликлар Ўзбекистоннинг келажак интеллектуал тараққиётига қаратилган муҳим стратегик инвестиция пойдеворига айланиши шубҳасиз.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА