Лизинг берувчилар ва суғуртачилар форуми
Пойтахтимизда Суғурталаш ва қайта суғурталаш бўйича IX Тошкент халқаро форуми ҳамда VIII Тошкент халқаро лизинг форуми бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Суғурталаш ва қайта суғурталаш бўйича IX Тошкент халқаро форуми ҳамда VIII Тошкент халқаро лизинг форуми бўлиб ўтди.“Saipro” ахборот-рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон суғурта бозори профессионал иштирокчилари ва лизинг берувчилар уюшмалари, Бош Араб суғурта федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур форумда вазирлик ва идоралар, суғурта, лизинг, аудиторлик ва инвестиция компаниялари, рейтинг агентликлари, халқаро молия институтлари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари А.Ҳайдаров, Халқаро молия корпорациясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари З.Ҳошимов, Давлат суғурта назорати инспекцияси бошлиғи Ж.Ризаев, Ўзбекистон лизинг берувчилар уюшмаси бош директори З.Мустафоев, “Saipro” ахборот-рейтинг агентлиги бош директори Б.Холбоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётда босқичма-босқич изчил таркибий ўзгаришлар амалга оширилаётгани, сифатли суғурта ва лизинг хизматлари кўрсатилаётгани, суғурта фаолияти ва назоратининг ҳуқуқий баъзаси такомиллашаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда суғурта бозорини ривожлантириш, суғурта ташкилотларининг самарали фаолият кўрсатиши учун ҳуқуқий, ташкилий-техник шарт-шароитлар яратиш, аҳоли ва мижозларга қулай жойларда суғурта хизматлари кўрсатувчи шохобчалар ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 10 апрелдаги “Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бугунги кунда суғурта компаниялари томонидан аҳолига кўплаб замонавий турдаги суғурта хизматлари кўрсатилаётир. Суғурта ташкилотлари капиталлашув даражасининг оширилиши натижасида уларнинг молиявий барқарорлиги таъминланмоқда. Суғурта компаниялари кутилмаган ҳодисалар оқибатида фуқароларнинг соғлиги, ҳаёти ва мол-мулкига етказилган зарарларни қоплаб бермоқда. Булар аҳолининг суғурта хизматларига бўлган ишончи ортишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон суғурта бозорида фаол иш юритаётган “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ўтган йили мамлакатимиз молия бозорида энг юқори халқаро рейтингга эга бўлди. “Moody’s Investors Service” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекинвест”нинг халқаро молиявий барқарорлик рейтингини “барқарор” прогнози билан B1 дан Ba3 га кўтарди. Мазкур компания 2015 йилги инвестиция дастурига киритилган 85 лойиҳага 16,2 триллион сўм суғурта ҳимояси тақдим этган. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт шартномаларини суғурталаш бўйича 219,9 миллиард сўмлик мажбуриятларни қабул қилган.
2015 йилда мамлакатимизда 90 ташкилот, жумладан, 24 банк лизинг хизматлари кўрсатди. Лизинг операцияларининг умумий портфели 2,45 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 14,4 фоизга ўсган. Ўтган йили Ўзбекистон лизинг берувчилари томонидан қиймати 850 миллиард сўмликдан зиёд 5,6 мингдан ортиқ янги лизинг битимлари тузилди.
Анжуманда мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, замонавий бизнес инфратузилмасини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани, суғурта бозорининг барқарорлиги ва ишончлилиги тобора мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Лизинг кичик бизнес корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, хусусий тадбиркорликни кенгайтириш ва унинг асосида ихчам ишлаб чиқаришни ташкил этишга маблағ сарфлашнинг самарали механизми экани қайд этилди. Макроиқтисодий барқарорлик ва қулай сармоявий муҳит таъсирида ривожланган давлатлар, нуфузли молия муассасалари мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилмоқда.
Форум иштирокчилари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусийлаштириш жараёни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, суғурта ва қайта суғурталаш борасида олиб борилаётган ишлар, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигидаги қўшма лойиҳалар билан таништирилди.
– Ташкилотимиз бизнеснинг барча соҳаларидаги хавфларни қайта суғурталаш билан шуғулланади, – деди “Hannover” компанияси суғуртачиси Йоханн Фукс (Германия). – Ўзбекистон суғурта бозори жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мазкур форум ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у суғурталаш ва қайта суғурталаш бозорини ривожлантириш бўйича дунё мамлакатлари олимлари ва соҳа мутахассислари билан фикр алмашиш, бу борада Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш имконини беради.
– Ўзбекистон билан бир неча йилдан буён фаол ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, – деди “ICD” корпорацияси департамент директори Арифф Ҳасан (Саудия Арабистони). – Мамлакатингиз билан хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Ўзбекистон сармоя киритиш учун жуда қулай мамлакат. Юртингизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳавас қиларли даражада барқарор ривожланмоқда. Шу боис ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этиш ниятидамиз.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистонда барча соҳалар қатори банк-молия йўналишида ҳам барқарор ўсиш суръатларига эришилаётганини қайд этди. Сўнгги йилларда “Moody’s”, “Standard & Poor’s” ва “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз банк тизими фаолиятини “барқарор” деб тасдиқлаётгани бунинг амалдаги ёрқин ифодасидир.
– Мазкур форумда мунтазам иштирок этиб келаман, – деди Молиявий компаниялар уюшмаси бош котиби Адриана Ачиарлиу (Руминия). – Анжуман лизинг, суғурталаш ва қайта суғурталаш борасидаги тажрибаларни ўрганишга хизмат қилади. Ўзбекистонда ушбу тармоқларни барқарор ривожлантиришда эътибор қаратилаётган жиҳатлар ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётган чоралар билан янада яқинроқ танишиш имконига эга бўлганимдан мамнунман.
Форум доирасида “Alskom” суғурта компанияси фаолиятига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон ахборот-коммуникация субъектлари фаолиятини ишончли суғурта ҳимояси билан таъминлаш мақсадида 20 йил муқаддам ташкил этилган мазкур компания ўтган давр мобайнида иқтисодий ва молиявий хавфсизликни таъминлаш борасида соҳага оид корхона ва ташкилотларнинг ишончини тўла қозонди. Компания Ўзбекистон бозорида биринчилардан бўлиб суғурта полисларининг мобиль банкинг тизими орқали онлайн сотуви бўйича “eshop.alskom.uz” электрон дўконини ишга туширди.
– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида суғурта хизматлари бозори изчил такомиллашиб, иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бирига айланиб бормоқда, – деди “Alskom” суғурта компанияси бош директори Тоҳиржон Иминов. – Ҳозирги кунга келиб компаниямиз активлари 43 миллиард сўмга етди, шакллантирилган устав капитали 3,8 миллион еврони ташкил этмоқда. 2016 йил январь ойи ҳолатига кўра, компаниямиз инвестиция маблағлари ҳажми 36 миллиард сўмдан ошди. Ташкилотимиз ахборот-коммуникация субъектлари фаолиятини суғурталашдан ташқари, аҳолининг турли қатламларига ижтимоий суғурта хизматлари кўрсатмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон суғурта бозорининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, лизинг ва суғурта компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, миллий ва халқаро суғурта бозорларидаги замонавий тенденциялар, дунё мамлакатларида суғурталаш турлари, лизинг бизнесини бошқариш бўйича миллий ва хорижий тажриба, мазкур соҳаларнинг сармоявий салоҳиятига оид масалалар муҳокама этилди.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси билан Корея Республикаси Суғурталашни ривожлантириш институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.