Лимон кўчати томирига яширилган “опий”
Хоразм вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ДХХ, ИИБ ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир вилоятнинг Тупроққалъа туманида ташкил этилиб, унда “Сурхондарё – Хоразм” йўналишида ҳаракатланиб келаётган транспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Жараёнда ушбу транспорт воситасида “почта” сифатида юборилган лимон кўчатининг томир қисмига целлофан пакетга ўралган, соф оғирлиги 113,35 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик воситаси яширилгани аниқланди.
Шундан сўнг “Назорат остида етказиб бериш” тадбири давомида мазкур “почта”ни Гурлан туманида яшовчи фуқаро қабул қилиб олаётган вақтида процессуал тартибда ушланди.
Бугунги кунда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хуллас, навбатдаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига ҳам чек қўйилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА