Лал Баҳодур Шастри хотирасига ҳурмат бажо келтирилди
Давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди 30 август куни таниқли ҳинд давлат арбоби Лал Баҳодур Шастри ёдгорлиги пойига гул қўйди.
Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди.

Маълумки, юртимизнинг кўп асрлик бой тарихи ва дипломатик алоқалари негизида Ҳиндистон билан муносабатлар алоҳида аҳамиятга эга.


Бугунги янги даврда сиёсий мулоқот, маданий-гуманитар алмашинув ҳамда кўп қиррали иқтисодий алоқалар билан янада бойимоқда.
Мустаҳкам дўстлик ва тарихий хотиранинг ёрқин тимсолларидан бири эса Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Лал Баҳодур Шастри кўчаси ва унинг мемориал мажмуасидир.

Ушбу ёдгорликнинг яратилиши 1966 йилнинг январь ойида Тошкентда кечган тарихий ва фожиали воқеалар билан узвий боғлиқ.
Ўшанда пойтахтимиз тинчлик музокаралари майдонига айланиб, 10 январь куни Ҳиндистон Бош вазири Лал Баҳодур Шастри ва Покистон Ислом Республикасининг Президенти Муҳаммад Айюб Хон томонидан тарихий “Тошкент декларацияси” имзоланади.

Сулҳдан бир неча соат ўтиб, Ҳиндистон Бош вазири Тошкентдаги қароргоҳида тўсатдан юрак хуружи туфайли вафот этади.
Ҳинд халқининг улуғ фарзанди хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент марказида Шастрининг бронза бюсти ўрнатилди ва ён-атрофдаги майдонга унинг номи берилди.

Бугунги кунда ушбу мемориал мажмуа ва Лал Баҳодур Шастри кўчаси Ўзбекистонга ташриф буюрадиган Ҳиндистоннинг юқори мартабали делегациялари, дипломатлар ва меҳмонлар ҳурмат бажо келтирадиган, икки халқ ўртасидаги самимий дўстлик ва тинчликсеварлик рамзига айланган бебаҳо зиёратгоҳдир.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Лал Баҳодур Шастри хотираси ҳамда унинг Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ҳурмат бажо келтирди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА