Кузги шудгор тупроқ унумдорлигини оширади
Қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил олиш учун кузги шудгорлаш тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги «2022 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш ишларини белгиланган муддатларда уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги йиғилиш баёни барча ташкилий масалаларни ўз ичига олган.
Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда 2022 йил ҳосили учун 1 миллион 360 минг гектардан ортиқ майдонда кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, шудгорлаш учун 5 минг 652 дона шундан, 4 минг 221 дона юқори унумли ҳайдов тракторлари жалб қилинган.
Хусусан, Тошкент вилоятида 2022 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш ишлари 111 минг 200 гектар майдонда амалга оширилиши белгиланган. Шундан, 108 минг 600 гектар такрорий экиндан бўшаган майдон ва 2 минг 600 гектар пахтадан бўшаган майдонларда кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилади.

– Ҳудудда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш учун 436 дона ҳайдов техникаси жалб қилинган бўлиб, шундан 296 донасини юқори унумли техникалар ташкил этади, – дейди Агроинспекция Тошкент вилояти бошқармаси катта инспектори Э.Зиёдуллаев. – Бугунги кунда ушбу ҳайдов техникалари марказлашган ҳолда йиғилиб, техник кўрикдан ўтказиляпти ва мавсумда қатнашиш учун тайёрланмоқда. Ҳозир барча ҳудудларда шудгорлаш ишларига тайёргарлик кўришга тўлиқ киришилган бўлиб, тадбирни белгиланган муддатларда сифатли ва агротехник талаблар даражасида ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилган.
Бекобод туманининг Ойбек ҳудудидаги «Фаррух Қурбонжон» фермер хўжалигида ташкил этилган семинарда мазкур муҳим агротехник жараённи сифатли ва самарали ташкил этиш борасида келишиб олинди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, «Ўзагролизинг» АЖ Бошқарув раиси Н.Отажонов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Узоқов, шунингдек, туман ҳокимлиги мутасаддилари, қишлоқ ва сув хўжалиги ташкилотлари, агрокластерлар мутахассислари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Вилоят ҳокими келгуси йил режаларининг самараси бугунги ҳаракатга боғлиқлиги, агротехник тадбирларни ўз вақтида ташкил этишда барча имкониятларни ишга солиш кераклиги, шунингдек, мавжуд камчиликларни бартараф этишда амалий кўмакка тайёрлигини билдирди.
Иштирокчилар фермер хўжалиги даласида кузги шудгорлашнинг намунавий усуллари билан танишди. Ҳудудлардаги илғор фермерларнинг тажрибалари ҳақида фикр алмашилди. Шудгорлаш ишларини совуқ кунларга қолдирмасдан якунига етказиш, шўр ювиш, яхоб бериш ишларини сифатли бажариш имкониятлари ҳақида қўшимча маълумотлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА