Кузги шудгор – баракали ҳосил гарови
Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда кузги шудгорлаш ишлари алоҳида аҳамиятга эга. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Комилов Турсунбой” фермер хўжалигида бўлиб ўтган семинар ҳам айни шу масалага бағишланди.
Тадбир аввалида, вилоят “Агросервис” МТП раҳбари Ортиқмат Мамадумаров шудгор ўтказишда техникаларни ишлатиш бўйича тавсиялар берди. Қайд этилганидек, кузги шудгор тупроқ зичлиги ва қаттиқлигини йўқотиб, уни юмшоқ ҳолатга келтириб, куз, қиш ҳамда баҳорги ёғингарчилик сувларини тупроққа яхши сингиши, уларни даладан оқиб чиқиб кетмаслигини таъминлайди. Бу эса, тупроқни сув захирасига бойитади ва суғоришга бўлган эҳтиёжни камайтиради.

Маълумот ўрнида, 2024 йил ҳосили учун вилоят бўйича 98 минг 136 гектар майдон шудгорланади. Шундан 61 минг 25 гектари пахта даласига тўғри келади. Бунинг учун 846 та қишлоқ хўжалиги техникаси сафарбар этилади.


Семинарда иштирок этган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов таъкидлаб ўтганидек, аввало, пахта далаларидаги мавжуд ҳосилни йиғиштириб олиш зарур. Бу ҳам меҳнат маҳсули, ҳам даромаддир.

Тадбирда ерни шудгорлаш ишларини ўғитлаш билан бирга олиб бориш, ғалла экишни якунлаш, дала четларига ток кўчатлари экиш, тут ниҳоллари ўтқазиш каби қишлоқ хўжалигидаги муҳим агротехник тадбирлар бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.