Куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уйларни барқарор иссиқлик билан таъминлаш ҳар бир ҳудуд учун муҳим вазифалардан саналади. Шу боис Навоий вилоятида 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари йил бошиданоқ тасдиқланган режалар асосида олиб борилмоқда. Бу ҳақда вилоят “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ директори Анвар Бўриев мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
– Жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида вилоят бўйича 6,9 километр иссиқлик тармоғини жорий таъмирлаш режалаштирилган. Айни пайтда 4,1 километрдан зиёд иссиқлик тармоғида ишлар бажарилди. Жумладан, Навоий филиалида 2,5 километр, Зарафшон филиалида 897 метр, Учқудуқ филиалида эса 516 метр узунликдаги иссиқлик тармоғи таъмирланди. “Навоий қозонхоналар” филиалида белгиланган ишлар тўлиқ якунланди. Айни пайтда тайёргарлик жараёни жорий таъмирлаш билан бирга иссиқлик тармоқларини босқичма-босқич янгилаш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва тизим ишончлилигини оширишга қаратилган лойиҳалар билан уйғун ҳолда давом этмоқда.

2025 йил 11 мартдаги “Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори асосида қувват самарадорлигини ошириш мақсадида Навоий шаҳридаги 3,8 километр иссиқлик тармоғини мукаммал таъмирлаш учун зарур қувурлар харид қилинмоқда. Ушбу ишлар учун 23 миллиард сўм маблағ ажратилган. Эскирган қувурларни янгилаш орқали иссиқлик йўқотишларини камайтириш ва хизмат сифатини яхшилаш кўзда тутилган.
Вилоятда иссиқлик тармоқларини янгилаш бўйича янада кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Навоий, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари ҳамда Зафаробод қўрғонида жами 113 километр яроқсиз тармоқларни таъмирлаш дастури амалга оширилмоқда. Дастурнинг 2025 йилга мўлжалланган 28,9 километрлик биринчи босқичида 28,4 километр тармоқ таъмирланди. 2026 йилда мазкур йўналишда яна 22 километр тармоқни таъмирлаш белгиланган. Ҳозир бу ишлар учун молиялаштириш масаласи ҳал этилиш жараёнида. Маблағ ажратилганидан сўнг қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатларда амалга оширилади.

Учқудуқ шаҳрида Президент қарори асосида 40 километр иссиқлик тармоғини тўлиқ янгилаш кўзда тутилган. Танлов натижасига кўра, пудратчи ташкилот аниқланган, ҳозир зарур қувур ва жиҳозларни харид қилиш ишлари бошланган.
Иссиқлик таъминотида замонавий ёндашувлардан бири – индивидуал иссиқлик пунктларини жорий этиш. Учқудуқ туманида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларига бундай пунктларни ўрнатиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, давлат экспертизасига тақдим этилган. Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида эса Учқудуқ туманидаги 212 та кўп хонадонли уй ва 11 та ижтимоий соҳа объекти учун жами 223 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилади. Бу мақсадга 55,7 миллиард сўм маблағ ажратилган. Айни вақтда лойиҳалаш ишларининг якуний босқичи олиб борилмоқда. Кейинги босқичда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун танлов жараёнлари ташкил этилади.
Тизимни ягона бошқарув асосида самарали ташкил этиш мақсадида бошқа ташкилотлар балансида бўлган 20 та локал қозонхонани вилоят “Иссиқлик таъминоти” тасарруфига қабул қилиш ишлари ҳам давом этмоқда. Айни пайтда зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қозонхоналар жойлашган ер майдонларини кадастрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Тармоқларни таъмирлаш ва янгилаш, иссиқлик йўқотишларини камайтириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш каби вазифалар тизимнинг келгуси фаолияти учун ҳам мустаҳкам замин яратади. Энг муҳими, режалаштирилган ишлар ўз вақтида ва сифатли бажарилса, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш, иссиқлик таъминоти барқарорлигини таъминлаш ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш имкони янада кенгаяди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири