Куз-қиш мавсумида муаммолар бўлмайди...ми?
Фарғона вилоятида ҳам куз-қиш мавсумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам куз-қиш мавсумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Хўш, белгиланган вазифалар ижроси, бажарилган ишлар сифати қандай? Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари танқидий муҳокама қилинди.
Халқ таълими тизимидаги 946 та, мактабгача таълим тасарруфидаги 1 минг 569 та муассасаларда тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда. Бу ердаги 436 та самарасиз қозонлар энергия тежамкор қозонларга алмаштирилди, кўплаб масканларнинг фасад ва том қисми, шунингдек, иситиш тизими таъмирдан чиқарилди. Вилоят ишчи гуруҳи томонидан мазкур йўналишдаги ишлар ўрганилганида 89 та мактаблардаги 440 дона манан эскирган қозонларни алмаштириш, 298 та ўқув бинолардаги 39,7 минг метр иситиш тизимларини таъмирлаш ишларини амалга ошириш зарур бўлмоқда.
Ҳозирга қадар шаҳар ва туманлардаги аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларига 63,1 минг тонна кўмир ва кўмир брикетлари етказиб берилди. Фарғона шаҳридаги РК-3 қозонхонасини таъмирлаш учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилиб, сувни кимёвий тозалаш цехида 13 дона янги фильтр ва 6 дона сув ҳайдаш насослари ўрнатиш, ушбу ускуналарни тармоққа улаш, 2 та аккумуляцион бакларни ҳимоя қопламалари билан ўраш, РК-3 қозонхонасини газ-турбина ускунаси билан боғлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, Фарғона политехника институтига 2 дона энерготежамкор модулли иситиш қозонлари ўрнатилди. Шаҳар ва туманларда кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Албатта мавсумда электр таъминотини барқарор ишлаши ва аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан биридир. Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 372 та трансформатор пунктлари, 804 километр электр тармоқлари мукаммал таъмирланди. 20,43 минг километр электр тармоқлари ва 6 минг 277 дона трансформатор пунктлари жорий таъмирланди. Шунингдек, ортиқча юклама билан ишлаётган 13 та трансформаторлар катта қувватлисига алмаштирилди. Аварияларни тезкор бартараф этиш бўйича 20 та бригадалар ташкил этилиб, 20 та махсус техникалар шай ҳолга келтирилди ва 28 та трансформатор, 60 тонна трансформатор мойи заҳиралари яратилди. 6 минг 267 дона газ тақсимлаш қурилмалари тафтишдан ўтказилди, 367,3 километр газ қувурлари зичликка синалиб, ҳаво босимида тозаланди, 7,9 километр газ қувури реконструкция қилинди. Маълумотларга қараганда, ҳозирда табиий газ таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги 511 мингдан зиёд хонадонлар суюлтирилган газ билан таъминланиб келинмоқда.
Сессияда айрим шаҳар, туман ҳокимликлари, ташкилот ва бошқармалар томонидан мавсумга тайёргарлик жараёнида сусткашликка йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимидаги аксарият муассасаларда қозонхоналар ва ўтин хоналар тартибга келтирилмагани, қисқартирилган қишлоқ врачлик пунктларининг ҳудуд ва ёрдамчи бино иншоотлари қаровсиз ҳолатда келиб қолган. Бувайда туманида эса кўп қаватли уйлар бўйича ҳеч қандай ишлар бажарилмаган.
Бугун вилоятнинг барча ҳудудларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадал тус олган. Уларнинг қанчалик сифатли, пишиқ-пухта бажарилганлигини эса вақт кўрсатади.