Курсантларнинг илмий салоҳияти оширилмоқда
ФВВ академиясида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси вазифасини бажарувчи, техника фанлари доктори, профессор Абдулазиз Шермуҳаммадов иштирокида “Илмий кадрларни тайёрлаш тизимидаги ислоҳотлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида профессор академиянинг моддий-техник базаси, ўқув аудиториялари, замонавий лаборатория хоналари, илмий-тадқиқот фаолияти ҳамда Ахборот-ресурс марказининг имкониятлари билан яқиндан танишди. Танишув давомида таълим олувчилар учун яратилган шароитлар ва илмий фаолиятни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф доирасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, илмий даражали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш ҳамда таълим сифатини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Президентининг 2026 йил 26 майдаги “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.

Тадбирни академия бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Музаффаржон Мамасиддиқов кириш сўзи билан очиб, Академиянинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш, илмий-тадқиқот ишларини жадаллаштириш ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига эътибор қаратди.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан профессор Абдулазиз Шермуҳаммадов ўз нутқида илмий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, диссертация тадқиқотларининг сифати ва амалий аҳамиятини ошириш, илмий даражалар бериш жараёнида шаффофликни таъминлаш ҳамда илмий кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ва аҳамияти ёритиб берилди.

Давра суҳбати давомида илмий фаолиятни ташкил этиш, мустақил изланувчилик, диссертация тадқиқотларига қўйиладиган талаблар ҳамда илмий даражаларни олиш тартибларига оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА