Кураш: Сеулда Мустақиллик байрамига бағишланган халқаро турнир ўтказилади
Жорий йилнинг 27–30 август кунлари Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллик шодиёналарига бағишланган “Ўзбекистон элчиси кубоги” халқаро турнири бўлиб ўтади.
Ўнга яқин мамлакат миллий терма жамоаларининг маҳоратли спортчилари иштирок этиши кутилаётган турнирда эркаклар -66, -81, -100 ва +100 килограммда, курашчи хотин-қизлар -52, -63, -78 ва +78 кг вазн тоифаларида ғолиблик учун беллашади.
Куни кеча Халқаро кураш ассоциацияси, Жанубий Корея спорт ташкилотларининг вакиллари, Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси мутахассислари иштирокида “Ўзбекистон элчиси кубоги” мусобақалари ва у доирасидаги байрам тадбирларини ташкил этишга бағишланган ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.
Онлайн тарзда ўтган йиғилишда мусобақанинг ташкилий ва техник жиҳатлари, иштирокчи жамоаларни қабул қилиш, мусобақа жараёнларини юқори савияда ташкил этиш, ҳакамлик ва техник делегация фаолияти билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Мусобақа нафақат спорт майдонидаги рақобат, балки Марказий Осиё мамлакатлари ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли экани таъкидланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА