Кураш – Ўзбекистоннинг дунё ёшларига туҳфаси
Бугун, 6 сентябрь миллий спортимиз – курашнинг халқаро спорт майдонига чиққан куни. Ушбу сана бир неча йиллар норасмий байрам сифатида нишонланиб келинган бўлса, 2017 йилга келиб “6 сентябрь – кураш миллий спорт тури куни” сифатида нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони имзоланди.
Халқимизнинг миллий ўйинлари қаторида эъзозлаб келинган кураш тахминан 3500 йиллик тарихга эга. Қадимда анъанавий маросим ва байрамларда миллий ўйин шаклида мавжуд бўлган курашни Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши туфайли спорт тури сифатида ривожлантириш ва уни халқаро майдонда оммалаштириш имконияти пайдо бўлди.
Дзюдо ва самбо бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, халқаро турнирлар ғолиби Комил Юсупов курашнинг замонавий спорт қонун-қоидаларини ишлаб чиқди. Унинг либоси, вазн тоифалари, мусобақаларни ташкил этиш тизими яратилди. 1991-1998 йиллар мобайнида Осиё, Европа, Америка, Африка қитъаларининг қатор давлатларида курашни халқаро спортга айлантириш мақсадида унинг қонун-қоидалари тарғиб қилинди ва бу ҳаракатлар жаҳон спорт жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланди.
1998 йил 6 сентябрь куни Тошкентда дунёнинг 28 давлати вакиллари иштирокида ўтказилган таъсис конгрессида Халқаро кураш ассоциацияси (IKA)га асос солинди. Ассоциация Низоми ва курашнинг қонун-қоидаси тасдиқланди, бошқарув органи сайланди. Ўтган даврда жаҳоннинг 135 га яқин мамлакатида кураш федерациялари фаолияти йўлга қўйилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, ҳар қандай спорт турининг ривожланишида конгресс ва ижроқўм йиғилишлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларининг аҳамияти беқиёс. Айни кунгача турли давлатларда Халқаро кураш ассоциацияси(IKA)нинг конгресси ва ҳар йили камида икки марта ижроқўм йиғилиши ўтказилган ва уларда ўзбек курашини оммалаштириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинган.
1999 йилдан шу кунгача кураш бўйича Ўзбекистон, Туркия, Венгрия, Арманистон, Монголия, Украина ва Эрон давлатларида катталар ўртасида ўн мартадан зиёд жаҳон чемпионати ўтказилган. 2000 – 2018 йиллар мобайнида Россия, Ўзбекистон, Доминикан Республикаси, Эрон, Ҳиндистон ва Туркия мамлакатларида бир неча бор ёшлар ўртасида, фахрийлар ўртасида жаҳон чемпионатлари бўлиб ўтди. Шунингдек, Пан Америка, Осиё, Европа, Африка ва Океания қитъавий чемпионатлари ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга, Буюк Британия, Греция, Туркия, Эрон, Украина, Россия, Франция, Мозамбик, Жанубий Африка Республикаси, Афғонистон, Боливия каби дунёнинг бир нечта мамлакатларида 300 дан зиёд турли даражадаги халқаро турнирлар ташкил этилдики, бу дунёда Ватанимизнинг улуғланишига, миллий қадриятларимизнинг қадрланишига хизмат қилмоқда. Энг асосийси, кураш орқали халқлар ўртасида дўстлик, бирдамлик, тинчлик ғоялари тарғиб қилинмоқда. Ғолибликка эришиш ҳар бир спортчининг қалбидаги улуғ орзуси. Лекин бундай бахтга барча ҳам эриша олмайди. Кимнингдир омади чопмайди, кимлардир адолатсизлик қурбони бўлади. Курашнинг халқаро спорт майдонига чиқиши миллионлаб ёшларнинг орзулари руёбига туртки бўлди.
Яна бир эътиборли томони, мустақилликнинг илк йилларидан юртимизда кураш бўйича Амир Темур, Ал Хаким ат-Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Фарғоний каби улуғ аждодларимиз хотира турнирлари ташкил этилди ва этилмоқда. Бу турнирларда қатнашиш учун турли мамлакатлардан юзлаб спортчилар юртимизга келиб, Ўзбекистоннинг спорт салоҳияти-ю халқимизнинг бунёдкорлик соҳасида олиб бораётган бетакрор муждалари билан танишди. Миллий спортимизга меҳр қўйди, совринли бўлди.
Агар рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 1992 йилдан бери ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган Амир Темур халқаро турнирида 150 га яқин мамлакатдан 1000 нафарга яқин спортчи қатнашиб, 100 нафардан зиёди турли даражадаги совринли ўринларни эгаллаганлиги 100 га яқин мамлакатнинг шунча оиласи бугун ҳам Ўзбекистонни меҳр билан эслайди, дегани. Агар бошқа шу каби мусобақаларга ҳам ушбу таққослаш кўринишида ёндашилса, унинг кўлами нечоғлик кенглигини тасаввур қилиш қийин эмас.
Ўз спорт турини Олимпиада ўйинларида кўришни истамаган халқ, мамлакат дунёда бўлмаса керак. Хитойликлар у-шуни, таиландликлар муай-тайни, японлар каратэни, россияликлар самбони жаҳон спорти чўққисида бўлишини орзу қилганидек, курашни ёзги Олимпия ўйинларига киритиш халқимизнинг буюк орзуси.
2005 йил май ойида Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро кураш ассоциацияси раҳбарияти ўзбек спортини жаҳонда оммалаштириш, уни олимпия ўйинлари доирасига кўтариш масаласида ХОҚ мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Учрашувдаги келишувга биноан 2005-2006 йиллари Лозанна шаҳридаги “Олимпия” музейида миллий спортимизнинг тарихи, Ватани, ривожланиш тизимига бағишланган 1 йиллик кураш кўргазмаси ўтказилди. Кичик олимпиада ўйинлари номини олган Осиё ўйинлари саҳнасига кураш 2002 йили кўтарилди. Шу йили Пусанда ўтган ёзги Осиё ўйинларида кўргазмали чиқиш амалга оширилган бўлса, 2003 йил ООК Низомининг 59-бандига ўзгартириш киритилиб, кураш Осиё спорти, дея тан олинди. 2006 йилнинг декабрь ойида Қатарнинг Доҳа шаҳридаги 15-ёзги Осиё ўйинларида, 2007 йил ноябрда Макао ёпиқ иншоотларидаги 2-Осиё ўйинларида, 2009 йил Вьетнамнинг Ханой шаҳрида бўлиб ўтган ёпиқ иншоотлардаги 3-Осиё ўйинлари ва Таиландда яккакурашлар бўйича ўтказилган Осиё ўйинларида кураш мусобақалари бўлиб ўтди.
Хабарингиз бор, ёпиқ спорт иншоотларда ҳамда жанговор санъат турлари бўйича қитъа ўйинлари алоҳида-алоҳида ўтказилиб келинар эди. Осиё олимпия кенгашининг қарорига кўра, улар умумлаштирилиб, 40 га яқин спорт турлари орасидан 9 таси овоз бериш йўли билан ёпиқ иншоотлардаги ўйинларга киритилди. Қувонарли томони, Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилган Осиё олимпия кенгашининг ХХХ юбилей Бош ассамблеясида миллий спортимиз кураш 2013 йил Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳридаги ёпиқ спорт иншоотларида ва жанговор санъат турлари бўйича IV Осиё ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаганлиги эълон қилинди.
Юксак ғалабаларга тинимсиз меҳнат, изланишгина кўзланган маррани эгаллашга олиб келади. Шу маънода, миллий спортимизнинг халқаро майдондаги ривожини таъминлаш орқали жонажон Ватанимизни, қадриятларимизни улуғлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар кўлами йилдан-йилга кенг қулоч ёймоқда. Президентимизнинг 2017 йил 2 октябрдаги “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, асрлар давомида мардлик, бағрикенглик, олижаноблик ва халолликнинг тимсоли сифатида эъзозланиб келинган миллий спортимизни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида «Кураш», «халол», «таъзим», «тўхта», «ёнбош» каби соф ўзбекона сўзлар халқаро спорт терминлари луғатидан ўрин эгаллади.
2017 йил 20 сентябрда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида Кураш ХVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. Айнан Ашхобод шаҳрида ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида мамлакатимиз полвонлари 8 та медални қўлга киритди(7 та олтин ва 1 та бронза). 2018 йил Индонезияда ўтказилган ХVIII ёзги Осиё ўйинларида эса юртимиз спортчилари 12 та медал (6 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза)га сазовор бўлиб, Ватанимиз шону шуҳратига муносиб ҳисса қўшди.
Миллий ғуруримиз бўлган кураш бокс, шахмат, теннис, дзюдо, каратэ каби спорт турлари қаторида жаҳонда ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Ўнлаб мамлакатларда кураш турнирларига асос солинди. Ушбу мусобақаларда иштирок этаётган дунё ёшлари соғлом турмуш тарзига ошно бўлаётганлигининг ўзигина Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига нодир бир хазина туҳфа этганлигидан далолатдир. Минг-минглаб тили, эътиқоди бошқа-бошқа бўлган ёшлар Ўзбекистон байроғидан жило олган спорт либосида мамлакат, қитъа, жаҳон чемпионлигига эришаётганлиги бунинг ёрқин тимсолидир. Ўзбекистон спортчиларининг кураш мусобақаларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилаётганлиги ва албатта, миллий спортимизда тарбияланиб, Олимпия спорт турларида муваффақиятга эришаётганлиги, Ватанимиз довруғини дунёга тараннум этаётганлиги эса яна бир катта мавзудир.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА