Кунгабоқар етиштиришга хорижий инвестиция (+видео)
Сирдарёнинг Тожикистондаги Қайроққум сув омборига қуйилиш дельтаси атрофида Бешариқ туманининг тупроқ таркибидаги шўр, баъзи жойларидаги зах туфайли деҳқончиликка ноқулай бўлган ерлари бор эди. Хитойлик инвесторлар айнан шу ердан 500 гектар сўрадилар. Қонунчиликда белгиланган тартибда у расмийлаштирилди. Бугун бу майдонларда экиш, ерга уруғ қадаш ишлари бормоқда.
Буни кўрган одам Фарғона вилоятида ҳали ҳам плёнка остида қўшқатор усулида чигит экиш давом этяптими, деб ўйлаши мумкин. Йўқ. Бешариқда мамлакатимизда илк бор Хитой компанияси билан ҳамкорликда семичка экмоқдалар.

Ҳа, шундай, кунгабоқар ўсимлиги уруғлигини экиш ҳам деярли чигит экиш технологиясига ўхшаш эди.
“HUA YAN GROUP HOLDING” Бешариққа Хитойдан сара уруғлик келтирди. У шу ернинг ўзида яна бир бор кўрикдан ўтказилгач эка бошладилар.

– Лойиҳанинг қиймати 20 миллион доллар бўлиб 4 минг тонна семичка етиштириш режалаштирилган. Бу йилги баҳорда 100 гектар майдонда семичка экиш ишлари тугалланяпти, –дейди Бешариқ тумани ҳокимиги инвестиция бўлими бош мутахассиси Аҳмадали Эргашев.

Ҳозир синов тариқасида 100 гектарга экишмоқда. Лекин келгуси йилда у 500 гектарга етади.
– Биз Ўзбекистондаги хорижий инвесторларга яратилган шароитлардан мамнунмиз, – дейди “HUA YAN GROUP HOLDING”нинг Ўзбекистондаги вакили Ф Чен жаноблари. – Бу имкониятдан самарали фойдаланамиз.. Кунгабоқар меваси семичканинг серҳосил ва бўлиқ нави уруғини олиб келдик. Семичка истеъмоли хитой халқи турмуш тарзининг бир кўринишидир. Шунинг учун бу ердан олинган ҳосилни тўлиқ экспорт қиламиз.

Бешариқ туманининг 2026 йил экспорт рўйхати янги маҳсулот, ҳажми эса унинг сотувидан ўсадиган бўлди.
– 2025 йилда 272 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Айниқса қуёш панеллари, цемент заводидаги иссиқлик билан таъминлаш ва мевани қайта ишлашга қаратилган йирик лойиҳаларни таъкидлаш мумкин, – дейди Аҳмадали Эргашев. –Бу йил ҳозирча 150 миллон долларлик 15 та инвестицион лойиҳа устида иш олиб боряпмиз. Семичка экиш уларнинг бири.

Шундай қилиб, нафақат Бешариқ тумани ёки Фарғона вилояти, балки Ўзбекистонда биринчи марта кунгабоқар – семичка етиштириш учун тўғридан тўғри хорижий инвестиция йўналтирилди.
<iframe width="1188" height="668" src="https://www.youtube.com/embed/dvJNYfjQfXg" title="Kungaboqar yetishtirishga xorijiy investitsiya" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА