“Кулоллар сайли” сайёҳларни чорлайди
Маълумки, Фарғона вилоятининг Риштон шаҳри қадимдан Марказий Осиёдаги сирланган сопол буюмлар маркази ҳисобланади. Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Шунга кўра, Риштон туманида Туркий халқлар ҳунармандчилиги форуми ва унинг доирасида “Кулоллар сайли” бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг 12–14 май кунлари бўлиб ўтадиган форум ва “Кулоллар сайли” миллий кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ҳақида “Ҳунарманд” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Ҳотамова қуйидагиларни маълум қилди.

–“Кулоллар сайли” миллий кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдосида юртимиздаги барча кулолчилик мактабларининг уста кулоллари, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган сулола вакиллари, халқ усталарининг маҳсулотлари кўргазмаси ташкиллаштирилади. Анъанавий “Туркий халқлар ҳунармандчилиги” форумида Россия, Польша, Чехия, Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Исроил, Туркия, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби 15 га яқин хорижий мамлакатлардан соҳа мутахассислари, олимлар ва ҳунармандлар иштироки режалаштирилган. Тадбирда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган кулолчилик, мактабларининг машҳур халқ амалий санъати усталари томонидан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилади.
Кулоллар ва бошқа ҳунармандларга шогирд тушмоқчи бўлган ёш ҳаваскорлар бемалол тадбирларда иштирок этиб, лойдан кулолчилик маҳсулотларини ясаши, уларга нақш бериши, пишитиш жараёнларида бевосита иштирок этишлари мумкин.

Шунингдек, Риштонда жойлашган “Шокир мингбоши керамик” ва “Корон” кулолчилик марказларига ташриф, кулолчилик маҳсулотлари савдоси ҳам ўтказилади.
Тарихдан маълумки, ўрта асрларда карвон йўллари чорраҳасида жойлашган Риштон тез суръатларда ривожланиб, Буюк Ипак йўлидаги асосий тўхташ жойи ҳамда савдо-сотиқнинг асосий марказига айланган.
Кейинчалик бу ерда жоме масжиди қурилган. Кулоллар чинни ишлаб чиқариш усулини Қашғар ва Эрон давлатларидан олиб келган. Риштон буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Ҳеч бир ҳудуднинг кулолчилик намуналарига ўхшамайдиган бу санъат асарлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Польша, Швеция, Ироқ, Эрон, Миср каби мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда намойиш қилиниши ва жаҳон оммаси эътирофига сазовор бўлиши Риштон кулолларининг истеъдодидан далолат беради.
Риштондаги уста Иброҳимжон Комилов, Бобожон Нишонов, Ҳакимжон Сатторов, Рустамжон Усмонов, Алишер Назиров, Шарофиддин Юсупов, Тоҳиржон Ҳайдаров сингари машҳур кулоллар яратган маҳсулотлар ҳали-ҳануз барчани ҳайратга солиб келмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА