Кредит тўланмади — хонадон “E-auksion” орқали сотилди
Фуқаро томонидан яшаш манзили кредитга олиниб, ўз вақтида тўланмагани оқибатида, мазкур хонадон “E-auksion” электрон онлайн савдолари орқали сотилди.
Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси Алоҳида муҳим ижро ишларни ижро этиш шўъбаси иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор А.С.дан ундирувчи “O.f.b.” банки АЖ фойдасига жами 1 млрд. 501 млн. 652 минг 400 сўм қарз ундириш белгиланган.
Ижро ҳужжати 2026 йил 28 январь куни келиб тушган бўлиб, шу куннинг ўзида ижро иши қўзғатилган. Қонун талабларига мувофиқ, қарздорга қарзни ихтиёрий равишда қоплаш учун муддат берилган. Бироқ белгиланган муддатда қарздор томонидан тўлов амалга оширилмаган.

Шундан сўнг мажбурий ижро ҳаракатлари бошланиб, гаров мулки сифатида қайд этилган Мирзо Улуғбек тумани, Асака МФЙ, Асака кўчасида жойлашган кўп квартирали уйдаги хонадон белгиланган тартибда хатланди. Ушбу мулкнинг бошланғич баҳоси 1 млрд. 750 млн. сўм этиб белгиланди.
Кейинчалик ушбу хонадон “E-auksion” электрон савдолари орқали сотилиб, тушган маблағлар ҳисобидан қарздорнинг банк олдидаги 1 млрд. 501 млн. 652 минг 400 сўм миқдоридаги қарздорлиги тўлиқ қопланди.

Ҳозирда ижро ҳужжати Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 41-моддасига асосан тамомланган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА