Косонда газ таъминотини яхшилашга қаратилган амалий ишлар давом этмоқда
Қашқадарё вилоятининг Косон туманида газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада Президент раислигида ёқилғи-энергетика тармоғининг келгусидаги устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, газ таъминоти тизимини барқарорлаштириш, тармоқларни янгилаш, йўқотишларни камайтириш ва рақамлаштириш бўйича белгиланган вазифалар “Янгийўл” тажрибаси асосида амалиётга татбиқ этилмоқда.

“Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали томонидан туманда газ тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар бажарилди. Хусусан, 18 километрдан ортиқ газ қувури реконструкция қилиниб, 2 та газ тақсимлаш қурилмасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, тармоқларнинг техник ҳолатини аниқлаш мақсадида 5,9 километр газ қувури синовдан ўтказилиб, 12,4 километр ер ости тармоғи текширилди.

Таъминот сифатини яхшилаш мақсадида истеъмолчиларга замонавий ускуналар ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Айни пайтга қадар 292 та регулятор ва 636 та замонавий газ жиҳози ўрнатилди, 229 та ҳисоблагичнинг алоқаси тикланди. Бу чоралар газ истеъмолини ҳисобга олиш, тармоқдаги босимни меъёрда ушлаб туриш ва аҳолига хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган.

Шу билан бирга, масаланинг техник томони билан бир қаторда, истеъмолчилар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Туманда 20 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, улар маҳаллаларда аҳоли билан бевосита мулоқот қилмоқда. Уларда табиий газ учун ҳисоб-китоблар, тўлов интизоми, мавжуд мурожаатлар ва қарздорликларни бартараф этиш масалалари ўрганилмоқда.

– Асосий эътиборимиз газ таъминотидаги мавжуд муаммоларни маҳаллабай аниқлаш ва уларни жойида бартараф этишга қаратилган, – дейди “Косонтумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Ёрқин Ёдгоров. – Тармоқларни реконструкция қилиш, газ тақсимлаш қурилмаларини таъмирлаш, замонавий регулятор ва жиҳозлар ўрнатиш билан бирга, ҳар бир хонадонда истеъмолчиларнинг мурожаатларини ўрганяпмиз. Бу орқали нафақат таъминот барқарорлигини таъминлаш, балки аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини ҳам оширишни мақсад қилганмиз.

Муҳими, хонадонларда аниқланган муаммоларни фақат қайд этиш билан чекланилмаяпти. Ҳисоблагичларнинг ишлаши, газ тармоқларининг ҳолати ва истеъмол билан боғлиқ масалалар жойида ўрганилиб, имкони борича шу ернинг ўзида ечим топилмоқда. Қарздорликларни босқичма-босқич камайтириш ва аҳолига тўловларни амалга оширишнинг қулай имкониятларини тушунтириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Маҳаллабай ёндашувнинг аҳамияти шундаки, газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳар бир ҳудуд ва истеъмолчи кесимида аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари ҳам манзилли белгиланмоқда. Бу эса бир томондан тармоқларнинг техник барқарорлигини таъминласа, иккинчи томондан истеъмолчилар билан очиқ ва самарали мулоқотни кучайтиради.

Косон туманида амалга оширилаётган ишлар натижасида газ таъминоти инфратузилмаси босқичма-босқич янгиланиб, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати оширилмоқда. Асосий мақсад эса истеъмолчини қийнаётган муаммони жойида аниқлаш, унинг ечимини тезкор топиш ва барқарор газ таъминотини таъминлаш.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири