Корхонани модернизация қилиш ва инновацион ривожлантириш самараси
Марказий Осиёда ягона ҳисобланган “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонасининг 20 йиллик тараққиёт тарихи ишлаб чиқариш салоҳиятини мунтазам ривожлантириш, технологик жараёнларни такомиллаштириш, замонавий ускуналарни жорий этиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатлар билан чамбарчас боғлиқ.
Бугунги кунда корхонанинг ривожланиш стратегиясида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, энергия ресурсларини тежаш, маҳсулот таннархини мақбуллаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларини маҳаллийлаштириш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда амалга оширилган қатор модернизация ва инвестиция лойиҳалари ана шу мақсадларнинг амалий ифодасидир. Жумладан, сувни тозалаш ва тузсизлантириш тизимининг янгиланиши, “Uz-Kor Gas Chemical” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасидан карбонат ангидрид газини қабул қилиш ва қайта ишлаш тизимининг йўлга қўйилиши, полипропилен қоп ишлаб чиқариш цехининг ташкил этилиши ҳамда маиший оқова сувларни тозалаш иншоотининг модернизация қилиниши корхонанинг технологик ва ишлаб чиқариш салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Корхона фаолиятида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини мақбуллаштириш, энергия ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда замонавий технологияларни ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Корхонанинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясида эскирган, юқори энергия сарфини талаб қиладиган ускуналарни босқичма-босқич замонавий ва энергия тежамкор технологиялар билан алмаштириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Ана шундай изчил ишларнинг амалий ифодаси сифатида корхонада сувни тозалаш ва тузсизлантириш тизимини модернизация қилиш бўйича муҳим лойиҳа амалга оширилди. Сувни тозалаш тизимини модернизация қилишдан кўзланган асосий мақсад, ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланиладиган сувни самарали тайёрлаш билан бир қаторда, энергия сарфини камайтириш ва ишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштиришдан иборат.

Лойиҳа доирасида маҳсулот ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш, хомашё, ёқилғи ва энергия ресурсларининг ортиқча сарфланишининг олдини олиш, юқори энергия сарфини талаб қилувчи эскирган ускуналарни замонавий қурилмаларга алмаштириш, сувни тузсизлантириш жараёнининг технологик самарадорлигини ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан янада самарали фойдаланиш каби вазифаларга устувор аҳамият берилди. Шунингдек, эскирган дистилляция усулидаги тузсизлантириш ускунасининг фаолияти тўхтатилиб, унинг ўрнига замонавий технология асосида ишлайдиган янги сув тозалаш ускунаси ўрнатилди.

Мазкур технологиянинг жорий этилиши сувни тузсизлантириш жараёнини янада самарали ташкил этиш, энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва технологик жараёнларнинг барқарорлигини таъминлаш имконини берди. Шунингдек, амалдаги осмос тизимининг имкониятлари кенгайтирилиб, қўшимча 60 м³/соат ҳажмда тузсизлантирилган сув ишлаб чиқариш қувватига эга қилинди. Натижада сув тозалаш тизимининг умумий қуввати 75 м³/соатдан 135 м³/соатгача оширилди. Бу эса корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнларини зарур миқдордаги сифатли ва тузсизлантирилган сув билан барқарор таъминлаш имкониятини сезиларли даражада кенгайтирди.
Модернизациянинг энг муҳим натижаларидан бири юқори энергия сарфини талаб қилувчи эски дистилляция қурилмасининг фаолияти тўхтатилгани ҳисобига энергия ресурсларидан фойдаланиш ҳажмининг камайишидир. Табиий газ сарфининг қисқариши корхонанинг энергия самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини мақбуллаштириш ва маҳсулот таннархини пасайтиришга хизмат қилмоқда.

Корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш борасидаги муҳим лойиҳалардан яна бири “Uz-Kor Gas Chemical” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасидан карбонат ангидрид газини қабул қилиш ва уни корхонага етказиб бериш тизимини ташкил этиш лойиҳасидир. Мазкур лойиҳа 2022 йил февраль ойида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 февралдаги “Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ишга туширилди.
Лойиҳанинг асосий мақсади “Uz-Kor Gas Chemical” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган, таркибида 98–99 фоиз карбонат ангидрид бўлган газларни атмосферага чиқариб юбориш ўрнига, уларни корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш ва қайта ишлашга йўналтиришдан иборат. Бу ёндашув бир вақтнинг ўзида иқтисодий самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик масъулиятни кучайтиришга хизмат қилди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари сезиларли даражада кенгайди. Хусусан, қўшимча равишда йилига 10,0 минг тонна кальцинацияланган сода ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Шу билан бирга, корхонанинг кунлик ишлаб чиқариш қуввати 625–630 тоннага етказилди.
Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, бошқа саноат корхонасида ҳосил бўладиган карбонат ангидрид газидан фойдали технологик ресурс сифатида фойдаланиш имконияти яратилди. Натижада саноат кооперацияси мустаҳкамланиб, ресурслардан самарали фойдаланишнинг янги механизми шаклланди. Мазкур лойиҳа корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, экологик ва иқтисодий самарадорликни уйғунлаштиришга қаратилган замонавий ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Корхонада ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, тайёр маҳсулотни қадоқлаш жараёнини маҳаллийлаштириш, қўшимча қиймат яратиш ва янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилган лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда 2024 йил 31 майда “Полипропилен қоп ишлаб чиқаришни ташкил қилиш” инвестиция лойиҳаси техник кенгаш баёни асосида тасдиқланди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2024 йил 2 августда Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида жойлашган “Кварц” акциядорлик жамияти билан шартнома тузилди. Шартнома асосида полипропилен қоплар ишлаб чиқариш линияси харид қилиниб, тегишли монтаж ва созлаш ишлари амалга оширилди. Натижада 2025 йил январь ойида янги ишлаб чиқариш линияси муваффақиятли ишга туширилди.
Қоп ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида цехда 4 дона қоп тўқиш, 1 дона полиэтилен пакет ишлаб чиқариш, 1 дона муҳрлаш ускунаси ўрнатилди. Амалга оширилган ишлар натижасида цехнинг ишлаб чиқариш қуввати кунига 10 минг донага етказилди. Шунингдек, полиэтилен плёнкасини қўйиш, кесиш ва тикиш ускунаси бўйича синов ишлари якунлангач, ишлаб чиқариш қувватини кунига 12 минг донага етказиш режалаштирилган.
Корхонада ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва модернизация қилиш билан бир қаторда, экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳит муҳофазасига эътиборни кучайтириш ҳамда замонавий муҳандислик инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган лойиҳалар ҳам муҳим ўрин тутади. Шундай лойиҳалардан бири маиший оқова сувларни тозалаш иншоотини модернизация қилиш лойиҳасидир.
Мазкур лойиҳа корхонанинг хўжалик-маиший фаолияти натижасида ҳосил бўладиган оқова сувларни самарали тозалаш, мавжуд иншоотнинг техник имкониятларини кенгайтириш ҳамда экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилди.
Модернизация ишлари натижасида маиший оқова сувларни тозалаш иншоотининг тозалаш қуввати соатига 500 м³ этиб белгиланди. Мазкур қувват корхонада ҳосил бўладиган маиший оқова сувларни узлуксиз қабул қилиш ва самарали тозалаш, тозалаш жараёнларининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда корхонанинг экологик инфратузилмасини мустаҳкамлаш имконини беради.
Экологик йўналишдаги лойиҳалар эса ишлаб чиқариш жараёнларининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва корхонанинг экологик хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса корхонанинг нафақат бугунги ишлаб чиқариш кўрсаткичларини, балки келажакдаги рақобатбардошлигини ҳам таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири