Коррупцияга қарши курашда фаол маҳалла
Бухоро вилояти маҳаллалар кенгаши ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган “Энг фаол фуқаролар йиғини” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида бу алоҳида таъкидланди.
Мамлакат тараққиётига ғов бўладиган ва жамиятда кишиларнинг адолатга нисбатан ишончига путур етказадиган порахўрлик, таъмагирлик ҳамда таниш-билишчилик каби салбий иллатларга барҳам беришда маҳалла фаоллари, хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва билимини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш муҳимдир.
Бухоро вилояти маҳаллалар кенгаши ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган “Энг фаол фуқаролар йиғини” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида бу алоҳида таъкидланди.
Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган мазкур танловнинг вилоят босқичида 13 маҳалла вакили иштирок этди.
Қатнашчилар тегишли шартлар асосида маҳалла ҳаёти, бу ерда жиноятчилик, айниқса, коррупцияга қарши кураш борасидаги ишларини бадиий чиқишлар ва кўргазмали воситалар орқали намойиш қилди. Савол-жавоблар асосида уларнинг коррупцияга қарши курашга оид қонунчилик ҳужжатлари бўйича ҳуқуқий билимлари синовдан ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар маҳаллада, жумладан, умумтаълим мактабларида мавзуга оид ўтказилган тадбирлар, амалга оширилган ишлар ҳақидаги фотоальбом, видеоролик ёки саҳна кўринишини намойиш этди. Шу асосда фаолларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича олиб борган тарғибот ишлари самарадорлиги баҳоланди.
Танловда Когон шаҳридаги “Адолат“ маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Феруза Солиева ғолиб деб топилди. У энди тадбирнинг мамлакат босқичида иштирок этади.
– Таъмагирлик, порахўрлик ҳисобига бойишга ружу қилганлар охир-оқибат жазосини олади, – дейди танлов ғолиби Феруза Солиева. – Бу табиий. Лекин юз берган жиноят нафақат уни содир этган мансабдор ёки шахснинг оиласи, балки маҳалла шаънини маломатга қолдиради. Шунинг учун ҳам биз, прокуратура, ички ишлар органлари, жамоатчилик билан ҳамкорликда жиноятчилик, айниқса, унинг юқоридаги кўринишлари олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бу яхши самара бермоқда, албатта. Масалан, кейинги икки йил мобайнида маҳалламизда коррупция билан боғлиқ бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Шунингдек, танловда Бухоро шаҳридаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Шалола Умрзоқова иккинчи, Бухоро туманидаги “Қўшходим” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жуманазар Ҳамроевлар учинчи ўринларни эгаллади.