Коррупция – хавфсизликка таҳдид
Жорий йилнинг декабрь ойи давлат божхона органлари тизимида "Коррупцияга қарши кураш ойлиги" деб эълон қилинди.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Жорий йилнинг декабрь ойи давлат божхона органлари тизимида "Коррупцияга қарши кураш ойлиги" деб эълон қилинди.
Ойлик доирасида Божхона институтида “Коррупция – хавфсизликка таҳдид” мавзусида ёшлар форуми ва журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин курашиш ҳамда унинг олдини олиш борасида аниқ чоралар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастурида ёшларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантирадиган чора-тадбирлар назарда тутилган.
Қизғин ва конструктив руҳда ўтган ёшлар форумида иштирокчилар коррупцияга қарши кураш борасида ўзларининг билимларини намоён қилиб, мазкур муаммони бартараф этишдаги таклиф ва тавсияларини баён этди.
Матбуот анжуманида божхона хизмати органларида коррупцияга қарши кураш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан батафсил ахборот берилди.
Тизимда бу йўналишдаги ишлар 2019-2020 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш дастури доирасида мувофиқлаштириб келинмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида Давлат божхона қўмитасида жамоатчилик асосида доимий фаолият кўрсатувчи 16 кишидан иборат ҳуқуқий тарғибот гуруҳи ташкил этилди.
Президентимиз ташаббуси билан Хавфни бошқариш ахборот тизими орқали товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувида “яшил”, “сариқ”, “кўк” ва “қизил” йўлаклар жорий қилинди. Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси масофадан туриб, божхона органларига юк декларацияси ва бошқа тегишли ҳужжатларни тақдим қилаётгани ҳам коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.
2020 йилнинг 1 февралидан бошлаб соҳада “Ягона дарча” божхона ахборот тизими жорий этилмоқда. Мазкур тизим орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ваколатли органлардан рухсат беришга доир ҳужжатларни электрон тарзда олиши ва божхона органларига тақдим қилиши мумкин.
Бу эса, табиийки, мамлакатда бизнесни юритиш жараёнларини янада тезлаштириш ва соддалаштиришга хизмат қилиш билан бир қаторда, коррупцияга имкон берадиган турли ҳолатларнинг ҳам олдини олади.
Тадбирда журналистлар эътиборига яна бир муҳим янгилик айтилди. Божхона органларига қабул қилинаётган ходимлар билан ишлаш ва уларни саралаб олиш механизмларида коррупция ва таъмагирликка йўл қўймаслик, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида “Божхона органларига номзодларни рўйхатга олишнинг электрон навбати” интерактив хизмати жорий этилмоқда.
Тадбир давомида ҳарбий таълим муассасалари курсантлари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича тайёрланган баннерлар ва видеороликлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Якунда эса фаол курсантлар “Энг яхши кўргазмали материал”, “Энг яхши видеоролик” каби қатор номинацияларда тақдирланди.
Божхона органлари тизимидаги “Коррупцияга қарши кураш ойлиги” республикамиз бўйлаб давом этмоқда.