Коррупциявий хавфлар устидан жамоатчилик назорати бўйича Латвия тажрибаси ўрганилмоқда
Рига шаҳрида ўзбекистонлик ННТ вакиллари учун коррупцияга қарши курашиш йўналишида ташкил этилган илк “Ёзги мактаб” таълим дастури ўз ишини бошлади.
Мазкур дастур Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Европа Иттифоқи, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ҳамда Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш – инклюзив коррупциянинг олдини олиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ташаббус Агентлик томонидан ҳамкор халқаро ташкилотлар кўмагида фуқаролик жамияти институтларини коррупцияга қарши курашиш жараёнларига фаол жалб этиш мақсадида ўтказиб келинаётган ўқув семинарлари ва тренингларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Мазкур “Ёзги мактаб” дастури фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, уларнинг коррупцияга қарши курашишдаги иштирокини кенгайтириш ҳамда халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон делегацияси таркибидан маҳаллий ва миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масъул ходимлари ўрин олган.
Дастурнинг асосий мақсади Латвия тажрибаси асосида фуқаролик жамиятининг коррупциянинг олдини олишдаги ўрнини кучайтириш, жамоатчилик иштирокининг самарали механизмларини ўрганиш ва уларни миллий амалиётга мослаштириш имкониятларини баҳолашдан иборат.
Очилиш маросимида Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги директор ўринбосари Солита Домбровска ҳамда “Transparency International Latvia” директори ўринбосари Агния Бируле сўзга чиқиб, дастурнинг аҳамияти, мақсадлари ва кутилаётган натижалари ҳақида тўхталди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг коррупцияга қарши курашиш тизимини мониторинг ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Улуғбек Дауланов Латвия Ўзбекистон учун маъмурий ислоҳотлар ва коррупция профилактикаси соҳасида муҳим ҳамкор эканини таъкидлади.

Латвия Марказий молия ва шартномалар агентлиги директори Анита Круминя коррупцияга қарши курашда унинг оқибатларига эмас, аввало, олдини олишга устувор аҳамият қаратиш лозимлигини таъкидлади. Коррупцияга қарши курашиш узлуксиз жараён бўлиб, бу йўлда барча томонларнинг самарали ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Дастурнинг биринчи куни фуқаролик иштирокининг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларига бағишланди.
Латвия Давлат канцелярияси вакили Инесе Кушке миллий даражада фуқаролик иштирокини институционаллаштириш механизмлари ҳақида маълумот берди. Давлат канцелярияси ҳукумат ва жамоатчилик ўртасида кўприк вазифасини бажариши қайд этилди. Очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва ОАВ билан доимий мулоқот олиб боради.
Дастур доирасида иштирокчилар Латвиянинг давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолияти билан танишиб, давлат ресурсларини бошқаришдаги коррупциявий хавфлар, манфаатлар тўқнашуви ва давлат харидлари устидан жамоатчилик назорати бўйича тажрибасини ўрганади.
Н.Абдураимова, ЎзА