Коррупцияни бартараф этиш бўйича ишлар кўлами қандай?
Коррупция жирканч иллат сифатида давлат ва жамият ривожини ортга суради, тараққиётга тушов бўлади. Шу боис ҳам бу иллатга қарши мунтазам равишда курашиб келинади, коррупция омилларини бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилади.
Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов Фарғона вилоятида бўлиб, коррупция омилларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганмоқда. Хусусан, депутат Боғдод тумани соғлиқни сақлаш, кадастр агентлиги, архитектура ва қурилиш бўлимларида бўлиб, коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

“Қизил ҳудуд”га кирган “Дўрмонча” МФЙдаги ўрганишлар давомида эса депутат маҳалла еттилиги билан учрашиб, маҳаллада жиноятчиликни барвақт аниқлаш ва унинг олдини олиш борасида тузилган “Йўл харитаси”нинг ижроси билан танишди. Бундан ташқари, Ж.Ширинов Боғдод тумани ИИБда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, ходимлар томонидан билдирилган таклифларни биргаликда муҳокама қилди.
Бундан ташқари, қўмита раиси Қўқон шаҳрида ҳам бўлиб, давлатимиз раҳбарининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича шаҳар прокуратурасида ташкил этилган штаб фаолияти билан танишди.

Қўқон шаҳар маҳаллаларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини ўрганди.
Шунингдек, шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимида, давлат кадастрлар палатаси Қўқон шаҳар филиалида, шаҳар солиқ инспекциясида коррупциянинг олдини олиш ва уларни барвақт бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди. Ушбу жараёнда бу йўналишдаги фаолиятни қайтадан кўриб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу билан бирга, “Райхон”, “Нурафшон” МФЙларида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, маҳаллалар еттиликлари томонидан амалга оширилган ишлар ўрганилди. Коррупция ҳолатлари ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича таклиф-тавсиялар берилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА