Коррупцияга қарши тарғибот тадбири
“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Мирзаобод туманидаги ҳарбий сафарбарлик чақируви резерви батальонида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда Адлия бошқармаси ҳуқуқий ахборот шуъбаси бош маслаҳатчиси Дилноза Умурзоқова иштирок этиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, ушбу жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга коррупцияга қарши курашишнинг муҳим жиҳатлари, шу жумладан, шаффофлик, ҳисобдорлик, ахборот технологиялари ва жамоатчилик назоратининг роли ҳақида ҳам маълумот берилди. Тадбирда коррупциянинг олдини олишда ҳар бир фуқаронинг роли катта эканлиги ва фақат биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар орқали бу муаммонинг олдини олиш мумкинлиги таъкидланди.
Сўнгги йилларда коррупция ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга оид тизимли чора-тадбирлар олиб борилаётганига қарамай, бу жиноятларнинг содир этилиши ҳали ҳам учраб турибди. Мулоқотда ушбу жиноятларнинг салбий оқибатлари ҳамда белгиланган жазо чоралари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири