Коррупцияга қарши курашиш ва очиқликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
Коррупцияга қарши курашиш ва давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бугунги ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан биридир. Шу муносабат билан, пойтахтимизда тизимли муаммоларни таҳлил қилиш ва галдаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда бир қатор масъул ташкилотларнинг коррупцияга оид масалаларда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Дастлаб Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Обиджон Мўминовнинг коммунал соҳада очиқликни таъминлаш, рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, коррупция ҳолатларининг олдини олишга доир 2026 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ва келгусида қилинадиган чора-тадбирлар ҳақидаги ҳисоботи тингланди.

Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий омилларнинг олдини олиш борасида долзарб чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Йўл харита”сининг ижроси сифатли таъминланиши ҳамда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги чора-тадбирлар ҳақидаги ахборот тақдим этилди.

Тадбирда Солиқ бошқармаси ва унинг тизимида очиқликни таъминлаш, рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, коррупция ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир амалга оширилган ишлар ва келгусидаги қилинадиган чора-тадбирлар юзасидан ҳам ҳисоботлар тингланди.

Шунингдек, йиғилиш давомида Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда унинг тизимида рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар, коррупция ҳолатларининг олдини олиш, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир масалалар муҳокама қилинди.

Кун тартиби сўнгида Яккасарой тумани ҳокимлиги томонидан очиқликни таъминлаш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш, унинг оқибатларини, шунингдек, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан муҳокамалар олиб борилди.
Тадбир якунида коррупцияга қарши курашишда барча даражадаги давлат органлари, жамоат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ҳамкорлигини кучайтириш, тизимда очиқликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА