Коррупцияга қарши курашиш – устувор вазифа
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармасида тизим ходимлари иштирокида коррупцияга қарши курашишга бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди. Комплаенс ва коррупцияга қарши назорат бўлими томонидан ташкил этилган ушбу тадбир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда эҳтимолий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилди.
Тадбирда солиқ тизимини “коррупциядан холи соҳа”га айлантириш бугунги куннинг долзарб вазифаси экани таъкидланди. Шу муносабат билан ҳар бир давлат хизматчиси ўз фаолиятида ҳалоллик ва ошкоралик тамойилларига қатъий амал қилиши зарурлиги қайд этилди.
– Коррупцияга қарши курашиш нафақат назорат органларининг, балки ҳар бир ходимнинг виждон ишидир. Асосий мақсад солиқ тизимида шаффофликни таъминлаш, – дейди бошқарманинг масъул ходими Жамшид Толибов.
Тадбирда сўнгги йилларда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, рақамлаштиришни кенгайтириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш орқали бюджет тушумларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Солиқ тизимини “текширувдан - сервисга” ўтказиш устувор йўналиш сифатида белгилангани таъкидланди.
Қайд этилганидек, бугун солиқ органлари фаолияти тадбиркорларга кўмаклашиш, уларни қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор қилиш ва фаолиятини тўғри ташкил этишига йўл-йўриқ кўрсатишга қаратилган.
[gallery-29198]
Шунингдек, ҳудудий бошқармаларда ташкил этилган солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлимлари орқали тадбиркорлик субъектларига масофавий тарзда маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Тадбирда ходимларга соҳада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чуқур ўрганиш ва уларни амалиётга самарали жорий этиш бўйича тавсиялар берилди. Бу каби тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари