Коррупция – тараққиётга таҳдид
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш ҳамда коррупциянинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида “Коррупция-тараққиётга таҳдид” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтириши, давлатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатиши, қолаверса жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига олиб келиши хусусида сўз юритилди.

Хусусан, Академия бошлиғи, полковник Музаффар Мамасиддиқов жорий йилнинг 5 март куни давлатимиз раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижрога қаратилганини алоҳида таъкидлади.
Коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов экани, шу боис сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилгани, энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётганини эътироф этди.

Гулноза Бобоева, ЎзА