Коррупция – тараққиёт кушандаси
Урганч туман ҳокимлигида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Хоразм вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, қишлоқ ва сув хўжалиги тизим ташкилотлари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви, уларнинг олдини олиш ҳақида сўз юритди. Коррупция жамиятни емирувчи иллат эканлиги, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожланишга, демократия асосларига ва қонун устуворлигига тўсқинлик қилиши, жиноий оқибатлари аниқ мисоллар билан тушунтирилди.
Қайд этиш керак 2024 йилда сув хўжалиги соҳасида 2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар камайган. Бироқ умуман йўқолмаган. Ўтган йили вилоятимизда ушбу ҳолат билан боғлиқ тўрта жиноят иши қўзғатилган.
[gallery-23548]
-- Коррупция ҳар қандай жамият, ҳар қандай соҳа ривожига тўсиқ бўладиган иллат ҳисобланиб, унга қўл урган шахс қонунларни турли йўллар билан айланиб ўтиш орқали ўз манфаатларини кўзлаб иш тутади,-- дейди Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи Фарруҳ Отажонов.-- Афсуски, ўтган йили бизнинг тизимимизда ҳам тўртта ҳолатда коррупцияга йўл қўйилган ва бу жиноятни содир этган мансабдорлар жавобгарликка тортилган. Айни дамда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бошқармамизнинг расмий сайтида мурожаатлар бўлимини яратганмиз. Шунингдек, ишонч телефонларимиз ҳам ишлаб турибди.
Тадбирда халқаро жамоатчиликнинг коррупцияга қарши фаолияти, Ўзбекистонда коррупциянинг олдини олиш, содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, қонунда белгиланган жавобгарлик турлари тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Йиғилиш якунида сув хўжалигида коррупцияга ўрин йўқ эканлиги, уни коррупциядан холи соҳага айлантириш зарурлиги қатъий таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари