Коррупция: самарали механизмлар муҳокама қилинди
Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Коррупция ва комплаенс назорат” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.
Семинарда партия ва агентлик вакиллари, соҳа мутахассислари коррупцияга қарши курашишда комплаенс назорат тизимининг аҳамияти, давлат ва жамият бошқарувида коррупцияга йўл қўймаслик учун самарадор механизмлар ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари бўйича атрофлича маълумот берди.
Тадбирда сўзга чиққан “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмонов партия фаолиятида адолат тамойили устувор аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.
Президентимизнинг коррупцияга қарши курашиш борасида белгилаб берган вазифаларидан келиб чиқиб, партия янги лойиҳалар, амалий чоралар ва қонунчилик ташаббусларини мақсад қилиб қўйгани, жумладан, партия томонидан “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги" ўтказилаётганини таъкидлади.
Муҳокамаларда юртимизда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда шаффофликни таъминлашда амалий чора-тадбирлар, тарғибот ишлари муҳим ўрин тутиши қайд этилди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро тажриба асосида янада такомиллаштириш, давлат идоралари, партиялар ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳамкорлик механизмини кенгайтириш, масъул идоралар фаолияти устидан доимий мониторинг ўрнатиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, ҳар бир жабҳада очиқликни таъминлаш орқали коррупцион ҳолатларни олдиндан аниқлаш ва унга чек қўйиш юзасидан амалий таклиф-тавсиялар билдирилди.
[gallery-22507]
Жамиятимизда коррупциядек жирканч иллатга нисбатан муросасизлик, тоқатсизлик муҳитини шакллантириш — коррупциоген омилларнинг олдини олишга, соҳалар ривожига, шаффофлик таъминланишига хизмат қилади. Семинар давомида бу йўналишда партия ва агентликнинг ҳамкорликдаги вазифалари белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
Рустам Назарматов (сурат), ЎзА