Коррупция ислоҳотлар шиддатини сусайтиради
Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.
Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида шундай ёзади: “Фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир”. Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳлари кундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, долзарб масалалар қаторидан ўрин эгаллаган.
Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими яратилган. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига мувофиқ ташкил этилган янги тизим коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида барча ташкилот ва корхоналарда Коррупцияга қарши комплаенс назорати хизмати ташкил этилди. Бу давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир.
“Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг ҳудудий сув таъминоти корхоналарида ҳам коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат хизмати фаолияти йўлга қўйилган. Ўтган давр мобайнида мазкур хизмат томонидан коррупцияга қарши курашиш, ишчи-ходимларда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жамиятнинг комплаенс назорат бошқармаси томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи 16 та ички идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилган.
“Ўзсувтаъминот” АЖ ҳудудий ва тизим ташкилотларининг комплаенс назорат хизмати ходимлари учун “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсати ва унинг устувор йўналишлари” мавзусида ўтказилган ўқув семинар-тренингда шулар ҳақида сўз борди.
[gallery-10595]
– Соҳани рақамлаштириш орқали истеъмолчиларнинг тўлов интизоми ва маданиятини яхшилашга ҳаракат қиляпмиз, – дейди "Ўзсувтаъминот" АЖ Коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бошқармаси бошлиғи Камолиддин Юлдашев. – Шунингдек, тўловларнинг шаффофлигини янада оширишда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун пилот лойиҳа доирасида республикамизнинг 86 та туман ва шаҳарларида сув таъминоти корхоналарининг назоратчилари томонидан хизматлар учун аҳолидан пул ундириш ишлари тўхтатилиб, тўловларни амалга ошириш электрон шаклга ўтказилди. Бунда истеъмолчилар учун тўловларни замонавий ва қулай усуллар билан амалга ошириш имконияти яратилди. Қолаверса, фуқаролардан соҳадаги коррупция ҳолатлари тўғрисида мурожаатларни қабул қилиш ва уларга тезкорлик билан жавоб қайтариш мақсадида тизимда қайта алоқа тизими йўлга қўйилган, шу жумладан, +99855-503-10-55 рақамли “ишонч телефони”, anticor@uzsuv.uz электрон почтаси, @UzsuvAnticorruptionBotтелеграм боти ишлаб келмоқда.
Амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти 2022 йилнинг февраль ойида “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” мавжудлигини тасдиқловчи ИСО 37001:2016 ҳамда “Сифат менежмент тизими” мавжудлигини тасдиқловчи ИСО 9001:2015 халқаро сертификатига эга бўлди.
Семинарда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими ва “Ўзсувтаъминот” АЖ коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат бошқармаси мутахассислари томонидан сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, истеъмолчиларнинг муддати ўтган дебитор
қарздорликларини аниқлаш, жамият ҳамда унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларига ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасидаги ноқонуний ҳолатларнинг турлари, уларни аниқлаш усуллари тўғрисида зарур тушунчаларга эга бўлади. Икки кунлик семинар-тренинг якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.
Нилуфар Бозорова, Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА