Коррупция: адолатли жамият сари муҳим қадам
Коррупция жамият тараққиётига жиддий тўсиқ бўлувчи, давлат ва жамият ўртасидаги ишончни заифлаштирувчи энг хавфли иллатлардан бири ҳисобланади. У иқтисодий ўсиш суръатларини пасайтиради, ижтимоий тенгсизликни кучайтиради ҳамда қонун устуворлигига салбий таъсир кўрсатади.
Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз курашиш, барча соҳаларда ҳалоллик ва шаффофлик муҳитини шакллантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Айниқса, аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита мулоқотда бўладиган солиқ тизимида очиқликни таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда коррупция хавфларини бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Бухоро вилояти солиқ бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда жойларда тизимли профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Когон шаҳар солиқ инспекциясида ташкил этилган тадбирда коррупция ҳолатларининг олдини олиш, солиқ органлари фаолиятини коррупциядан холи этиш, ходимларни турли салбий иллатлардан асраш, хизмат интизоми ва масъулиятни янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида ходимларга ҳалоллик, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига амал қилиш, тадбиркорлар билан муносабатларда “текширувдан – сервисга” тамойили асосида иш юритиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Бу эса тадбиркорлик субъектлари учун қулай муҳит яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Учрашувларда Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб савдо операцияларини асосан банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш тартиби бўйича ҳам қўшимча тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, нақдсиз тўловлар учун яратилган шароитлар ўрганилиб, мавжуд имкониятлар ва қулайликлар юзасидан фикр алмашилди.
Коррупцияга қарши кураш бир ташкилот ёки бир соҳанинг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий бурчидир. Солиқ тизимида амалга оширилаётган бундай профилактик тадбирлар ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва аҳоли ишончини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.