Кўрик-танлов: “Замонамиз бегойимлари”
Жиззах вилоятининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош Янгиобод туманида Менинг армиям – менинг фахрим шиори остида ҳарбий хизматчиларининг оила аъзолари ўртасида “Замонамиз бегойимлари” кўрик-танлови ўтказилди.
Ушбу кўрик-танлов Янгобод туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда маданият ишлари туман бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларидан ташкил топган “Бегойимлар”, “Матонатли аёллар” ва “Бекажонлар” жамоалари иштирок этди.
Беллашув иштирокчилари 7 та шарт бўйича ўзаро беллашди.

Жумладан, қатнашчилар санъат, адабиёт, спорт, чеварлик, пазандалик, алла айтиш, турмуш ўртоқларини ҳарбий сафарбарликка тайёрлаш каби шартларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.
Ҳарбийларнинг оила аъзолари ўртасида кескин ва муросасиз ўтган беллашувнинг ҳар бир шарти ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, “Менинг армиям – менинг фахрим” шиори остида ўтган “Замонамиз бегойимлари” кўрик-танловида 1-ўринни “Матонатли аёллар” жамоаси эгаллади.
Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларидан ташкил топган ғолиб жамоа аъзолари ва барча кўрик-танлов иштирокчилари ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА