Кўргазмали семинар – тажриба алмашиш майдони
“Zarafshan Golden Group” компанияси ташаббуси билан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамкорлигида компания томонидан ишлаб чиқарилаётган автоклавли газобетон ва бошқа қурилиш материаллари кўргазмали семинари ташкил этилди.
Навоий вилояти ва юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган қурилиш соҳасида фаолият юритувчи компаниялар вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этган кўргазмали семинарни ташкил этишдан асосий мақсад, янги қурилиш материалларини намойиш этиш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашишдан иборат.
“Zarafshan Golden Group” компанияси томонидан қиймати 11 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Россия, Хитой, Италия, Испания ва Туркия давлатларидан энг замонавий технологиялар асосида иккита йирик инновацион лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида корхонада қурилиш маҳсулотлари сифат ва самарадорлиги яхшиланди.
– 2020-2021 йилларда 2 та лойиҳани амалга оширдик, – дейди компания маркетинг бўлими бошлиғи Азиз Абдуллаев. – Биринчиси темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлса, иккинчиси газобетон блок ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Навоий шаҳрининг кичик саноат зонасида жойлашган Хитойнинг “KEDA” компаниясидан келтириб ўрнатилган технологиялар асосида автоклав усулида тайёрланадиган газобетон блок ишлаб чиқарувчи корхона йилига 150 минг метр куб маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Испаниядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган темир-бетон ишлаб чиқариш цехида шу пайтга қадар 10 нафар ишчи кучи билан суткада ўртача 10-15 тагача маҳсулот тайёрланган бўлса, замонавий технология асосида ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар ошди. Темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонамизда Европа стандартлари асосида 400 минг метр квадрат 50 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, газобетон блокдан фойдаланиш курилиш-монтаж ишлари муддатини тўрт бараваргача камайтириб, умумий харажат сарфини ҳам бир неча баравар қисқартиради. Газобетон – ғовак (тешик-тешик) бетоннинг бир тури бўлиб, замонавий қурилиш материалидир. Уни баъзан “сунъий тош” деб ҳам аташади. Оддий бетондан фарқи – таркибида 1-3 миллиметрли пуфаклар мавжуд бўлиб, улар туфайли бетон енгил, етарли даражада мустаҳкам ҳамда иссиқ ва совуқдан яхши ҳимоялаш хусусиятларига эга бўлади.
– Навоий шаҳрида ташкил этилган кўргазмали семинарда “Zarafshan Golden Group” компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган юртимиз қурилиш бозорига деворбоп маҳсулот сифатида кириб келган автоклавли газобетон ва бошқа қурилиш материалларини кўздан кечирдик, – дейди “Нукус Нур Пром Жил Строй” қурилиш корхонаси масъул ходими Жаруқасим Ортиқов. – Семинарда бу ерда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари бўйича тушунчалар олиш билан бирга ишлаб чиқариш жараёнини бевосита кузатдик. Шунингдек, ишчилар учун яратилган шароитлар билан танишдик. Мутахассислар билан ўзаро фикр ва тажриба алмашдик.
Бугунги кунда бир пайтлар қаровсиз қолган манзиллар улкан қурилиш майдонига айланган. Кўп қаватли турар жой бинолари, замонавий иншоотлар қурилмоқда. Шу билан бирга, юртимизда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритаётган корхона, тадбиркорлик субъектлари сони кун сайин ортмоқда. Бу эса ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда ривожланиш ва ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш деганидир.
[gallery-4870]
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА