Кўргазма: она юрт уфқлари
Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом Абдуқаҳҳор Мажидовнинг 60 йиллигига бағишланган “Она юрт уфқларининг нури” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмадан рассомнинг турли йилларда ижодий сафарлар ва халқаро пленарлар давомида яратган 40 га яқин асари ўрин олган.
Тадбирда қайд этилганидек, экспозиция муаллифнинг кўп йиллик ижодий изланишлари, табиатга бўлган меҳр-муҳаббати ва она юрт манзараларига садоқатини яққол намоён этади. Кўргазма номи рассомнинг бадиий дунёқарашини ўзида мужассам этган. Абдуқаҳҳор Мажидов асарларида она юрт манзаралари рангларнинг бойлиги, ёруғликнинг ўзгарувчанлиги ва кенглик ҳисси орқали талқин этилади.

Нур эса табиатнинг турли ҳолатлари ва кайфиятини очиб берувчи муҳим бадиий ифода воситаси сифатида намоён бўлади. Экспозициянинг асосини тоғ манзаралари, қишлоқ уйлари, шинам ҳовлилар, дала йўллари ва гуллаган боғлар ташкил этади. Рассом содда ва ҳаётий мавзулар орқали кундалик ҳаётдаги ўзига хос жозиба ҳамда бадиий нафосатни кашф этишга интилади. Шу боис унинг асарларида тантанавор манзаралардан кўра, фасллар алмашинуви, табиатнинг турли ҳолатлари ва табиий ёруғлик жилоси билан бойиган сокин ҳаёт манзаралари устуворлик қилади.

Таъкидланганидек, Абдуқаҳҳор Мажидовнинг ижодий услуби эркин мўйқалам зарблари, ранг-баранг фактура ва нозик колористик дид билан ажралиб туради. Рассом асосан очиқ ҳавода ижод қилиб, илк таассуротнинг табиийлигини сақлаб қолишга интилади. Унинг асарларида ранг ва оҳангларнинг мутаносиблиги тасвирнинг ҳиссий таъсирчанлигини кучайтириб, макон чуқурлиги ҳамда ҳаво муҳитини ишонарли акс эттиради.

Кўргазмада Самарқанд ва Бухоронинг меъморий обидаларига бағишланган асарлар ҳам намойиш этилди. Ушбу картиналарда тарихий меъморчилик атрофдаги манзара билан уйғунлашиб, маконнинг ўзига хос руҳи ва муҳитини ифодалади.
Гулноза Бобоева,ЎзА