Корейс халқининг “Чхусок” байрами Тошкентда нишонланди
Корея халқининг қадимий анъаналари, миллий урф-одатлари ва санъатини намоён этган «Чхусок-2026» байрами Тошкентда кенг нишонланди.
Корея маданияти ва санъати саройида бўлиб ўтган тадбирда байрамона муҳит ҳукм суриб, корейс миллий маданиятининг ўзига хос жиҳатлари кенг намойиш этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев сўзга чиқиб, юртимизда турли миллат ва элатларнинг миллий қадриятларини асраб-авайлаш, ривожлантириш учун яратилган имкониятлар хусусида тўхталди.
Нутқда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юртимиздаги этник хилма-хиллик, тинчлик, дўстлик ва меҳр-оқибат муҳити ҳақидаги фикрлари алоҳида таъкидланди. Бугунги «Чхусок» байрами ҳам ана шу бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитининг амалий ифодаси сифатида намоён бўлди.

Маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак ҳамда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси иштирокчиларни байрам билан қутлади. Сўзга чиққанлар Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг ўз маданияти, тили ва анъаналарини сақлаб қолиши учун яратилган шароитларни қайд этди.
Шундан сўнг тадбир концерт дастури билан давом этди. Саҳнада ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари, рақслар, иллюзион чиқишлар ҳамда турли бадиий композициялар намойиш этилди.

Байрам давомида меҳмонлар миллий таомлардан баҳраманд бўлиб, корейс халқининг анъанавий таомлари билан танишди. Миллий ўйинлар, анъанавий либослар кўргазмаси, ўзбек ва корейс рассомларининг асарлари намойиши ҳам тадбирга ўзига хос руҳ бағишлади. Катталар ва болалар учун ташкил этилган ижодий маҳорат дарсларида эса иштирокчилар миллий санъат намуналарини яратиш жараёнида бевосита қатнашди.
Байрамнинг якуний қисмида ўтказилган «K-POP Dance» танлови ёшларнинг фаол иштироки билан янада қизиқарли тус олди. Ёш ижрочиларнинг саҳнадаги чиқишлари томошабинларга кўтаринки кайфият улашди.
«Чхусок-2026» нафақат корейс халқининг миллий байрами, балки турли маданият ва анъаналарни бир майдонда бирлаштирган дўстлик тадбири бўлди.
Маълумот учун, Ўзбекистон мустақилликка эришган илк кунлариданоқ мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг она тили, маданияти, тарихи, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши ҳамда ривожлантириши учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди
Нигора Раҳмонова,
ЎзА