Кореялик эколог мутахассислар – Тошкентда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик экспертиза йўналишида мамлакатимизда олиб борилаётган ишларни ўрганиш ҳамда келгусида ушбу соҳада ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Корея атроф-муҳит институти мутахассисларидан иборат делегация пойтахтимизда бўлиб турибди.
Делегация аъзолари Давлат экологик экспертизаси марказига ташриф буюриб, бу ерда атроф-муҳитни муҳофазаси йўлида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
[gallery-20186]
Юртимизда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимини такомиллаштириш, соҳа қонунчилигининг халқаро стандартларга мос механизмларини яратиш айни зарурат. Бу борада Корея тажрибасини ўрганиш, “Атроф-муҳит бўйича қарорлар қабул қилишда жамоатчиликнинг иштироки ва одил судловга эришиш тўғрисида” Орхус конвенцияси доирасида жамоатчилик иштирокини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
Кореялик мутахассисларга Давлат экологик экспертизаси маркази ҳузурида синов лабораториясини ташкил қилиш, экологик мониторинг, рақамлаштириш ва интеграция даражасини ошириш, хусусан, мониторинг ва маълумот алмашинуви тизимини такомиллаштириш учун рақамли инфратузилмани яхшилаш чора-тадбирлари хусусида маълумот берилди.
Корея делегациясининг юртимизга ташрифи 7 ноябрга қадар давом этади.
Камола ЮСУПОВА,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА