Корея уруши тугаганига 69 йил тўлди
Жанубий ва Шимолий Кореяда 1950-1953 йиллари бўлиб ўтган Корея уруши тўхтатилганига 69 йил тўлиши муносабати билан тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Шимолий Кореяда бу сана “Ғалаба куни” сифатида нишонланади.
Ушбу санага бағишлаб икки мамлакатда ҳам хотира тадбирлари ташкил этилади.
КХДР Марказий телеграф агентлиги маълумотига кўра, Улуғ Ватан озодлиги урушининг "Ғалаба куни"да мамлакат етакчиси Ким Чен Инга ички ташкилотлар ҳамда хориждан сават-сават гул, табрик келади. Уруш қатнашчилари Пхеньянда йиғилади.
Байрам муносабати билан Корея Халқ армияси ҳарбий хизматчилари, ишчилар ва ўқувчилар Жанубий Хамгён провинцияси Рёнпхо туманидаги шон-шараф тепалигига чиқади. Бу ерда 1951 йил буюк йўлбошчи Ким Ир Сен аскарларни ғалабага жўшқинлаштириб, нутқ ирод қилган. Шу ерда раҳбар тунаб қолган уй ҳам бор.
Шимолий Кореянинг давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари одатда ушбу санага бағишлаб Ким Ир Сеннинг буюк хизматлари ҳақида қатор мақолалар эълон қилади. “АҚШ раҳбарлигидаги империалистлар” қораланади.
Шу куни Жанубий Корея пойтахти Сеулда ярашув кунига бағишлаб жамоатчилик чиқишлари уюштирилади. Корея Республикаси мудофаа вазири айни пайт АҚШ сафарида. У 27 июль куни Вашингтонда, Корея уруши фахрийларига бағишлаб барпо этилган хотира майдонида қўшимча равишда барпо этилган Ёдгорлик девори қурилиши якунланиши муносабати билан бўлиб ўтган маросимда иштирок этди. Хотира деворида Америка армиясида хизмат қилган ва Корея урушида қурбон бўлган 43 минг 808 нафар америкалик ҳамда кореялик аскарлар номи битилган.
Тарихдан маълумки, Корея уруши, яъни Корея Халқ Демократик Республикаси (Шимолий Корея) билан Корея Республикаси (Жанубий Корея) ўртасидаги қуролли можаро 1950 йил 25 июнда бошланиб, 1953 йилгача давом этган. Урушда КХДР томонидан Хитойнинг чекланган ҳарбий контингенти ҳамда СССР ҳарбий мутахассислари ва ҳарбий ҳаво кучлари қисмлари иштирок этган. Жанубий Корея томонидан эса АҚШ ва БМТнинг кўп миллатли қўшини таркибидаги қатор давлатлар аскарлари жанг қилган.
Ушбу зиддият қурбонлари сони бўйича турли рақамлар келтирилади. Масалан, урушда ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар турли манбаларда жанубликлардан 1 миллион 271 - 1 миллион 818 минг, шимолликлардан эса 1 миллион 858 минг - 3 миллион 822 минг киши, дейилади.
Америка томони расмий маълумотига кўра, Корея қирғинида АҚШ 54 минг 246 фуқаросини йўқотган. Яна 103 минг 284 америкалик жароҳат олган. Собиқ иттифоқ эса бу рақобатда жами 315 киши, жумладан 168 зобитидан айрилган. 64-чи авиакорпус 2,5 йилда ҳарбий ҳаракат туфайли 335 та МиГ-15 қирувчи самолёти ва 100 дан зиёд учувчини қурбон берган.
Корея ярим ороли ҳали ҳам расман уруш ҳолатида турибди. Зеро, Корея уруши тинчлик тўғрисидаги шартнома эмас, балки ярашув ҳақидаги ҳужжат имзоланиши билан тўхтатилган. Ушбу ҳужжатни КХДР ва Хитой қўшинлари қўмондонлари бир томондан ва БМТ байроғи остида АҚШ иккинчи томондан имзолаган.
С.Раҳимов, ЎзА