Корея технологиялари Ўзбекистонда қандай лойиҳаларни амалга оширади?
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Кореянинг «KT» компанияси сунъий интеллект ва рақамли трансформация йўналиши бўйича катта вице-президенти Чон Сон Рок билан учрашиб, технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Музокараларда, аввало, Ўзбекистонда сунъий интеллект учун зарур ҳисоблаш қувватларини яратиш масаласига эътибор қаратилди. Хусусан, «KT» иштирокида мамлакатимизда сунъий интеллектга ихтисослашган маълумотлар марказларини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилди.

Бунинг аҳамияти шундаки, сунъий интеллектга асосланган янги хизматлар қанчалик кўпайса, уларни ишлатиш учун шунчалик катта ҳисоблаш қуввати талаб этилади. Шу боис замонавий инфратузилма яратиш соҳанинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон стартаплари учун ҳам янги имкониятлар муҳокама қилинди. Жумладан, маҳаллий стартапларни Корея технологик экотизими билан боғлаш ва уларнинг халқаро бозорга чиқишига ёрдам бериши мумкин бўлган «KT K-PATH» корпоратив акселерация дастурида иштирок этиш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, «KT»нинг Ўзбекистонда рақамли трансформация ва сунъий интеллект йўналишидаги бўлинмасини очиш, мамлакатимиздан туриб Кореядаги мижозларга технологик хизматлар кўрсатиш имкониятлари муҳокама қилинди. Компаниянинг ҳамкор IT-компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш ва улар учун маҳаллий офислар очиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Яна бир муҳим йўналиш — илмий тадқиқотлар. Томонлар Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасида қўшма тадқиқот ва ишланмаларни амалга ошириш, яъни янги технологияларни биргаликда яратиш имкониятларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида илгари сурилган ташаббусларни янада ишлаб чиқиш ва ҳар бир йўналиш бўйича амалий ҳамкорлик механизмларини белгилашга келишиб олинди. Шунингдек, «East Telecom» билан ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма технологик лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган иккита англашув меморандуми имзоланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА