Корея делегацияси билан учрашув
Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари Ко Гю Чанг билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Корея ўртасида AКТ соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, жумладан, икки давлат компаниялари билан ҳамкорликда IТ ва БПО хизмати экспортини ривожлантириш, юртимиздаги ёшларни AКТ соҳасига янада кенгроқ жалб қилиш ҳамда юқори маошли иш билан таъминлаш каби истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда Жанубий Корея ахборото технологиялари мутахассислари мамлакатимизда рақамли технологияларни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларда фаол иштирок этаётгани, электрон ҳукумат ва IТ таълим соҳасига йирик лойиҳаларни жорий этиш бўйича изчил ҳамкорлик йўлга қўйилгани эътироф этилди. Бу ўзаро ҳамжиҳатлик, юксак ишонч мавжудлигидан далолат.
— Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик илдизи узоқ ўтмишга бориб тақалади, — дейди Ко Гю Чанг. — Яна шуни таъкидлаш жоизки, умумий тарихга эга бўлсак, келажакни ҳам бирга кўра оламиз. Бизнинг мамлакатимизда яшаётган хориж фуқаролари сонига кўра, ўзбеклар 5-ўринни эгаллаган. Хуллас, яқин ҳамкоримиз Ўзбекистонга ҳар қандай ёрдамни беришга тайёрмиз.

Давра суҳбати чоғида ҳозир Кореяда ёшлар камайиб, катта ёшлилар кўпайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, ушбу мамлакатга ўзбекистонлик ёш мутахассисларни юбориш ғояси илгари сурилди. Бу билан ёшлар чет элда иш излаб сарсон бўлишининг ҳам олди олинади. Шунингдек, қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ўғил-қизларга уйида туриб ишлаш имконияти яратилиши таклифи ҳам муҳокама қилинди.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА