Кордай туманида вазият барқарорлашмоқда
7 февраль куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Кордай туманининг Масанчи қишлоғида аҳоли ўртасида оммавий тартибсизлик келиб чиққан эди.
7 февраль куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Кордай туманининг Масанчи қишлоғида аҳоли ўртасида оммавий тартибсизлик келиб чиққан эди.
Турли манбаларга кўра, можаро этник қозоқлар ва дунганлар ўртасидаги оддий келишмовчилик сабабли юзага келган. Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Алексей Калайчиди 8 февраль куни ташкил этилган брифингда можародан кейин ижтимоий тармоқларда тарқатилган тартибсизликка даъватлар вазиятнинг кескинлашишига олиб келганини таъкидлаган.
“Казинформ” халқаро ахборот агентлиги бугун, 10 февраль куни маълум қилишича, оммавий муштлашув оқибатида қурбон бўлганлар сони 10 нафарга етган, 40 зиёд киши жароҳат олган. Айни пайтда туманда вазият тўлиқ назоратга олинган, аҳвол барқарорлашган.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ушбу воқеага баҳо берар экан, ҳозирда “Фожиа оқибатларини бартараф қилиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси ишини давом эттирмоқда”, деган. Президентнинг таъкидлашича, комиссия аъзолари Кордай туманининг тўртта қишлоғини бориб кўрган, қурбон бўлганларнинг оила аъзолари билан учрашган. “Фожиага йўл қўйган давлат органлари ходимлари албатта, жазоланади, бузғунчилар жавобгарликка тортилади, жабрланганларга ёрдам кўрсатилади”, дея баёнот берган давлат раҳбари.
Қозоғистон Президенти шундай оғир дамларда ўз фуқаролик позициясини фаол намоён этган қозоғистонликларга миннатдорлик билдирган.
Айни пайтда Жамбил вилояти полиция департаменти бошқармаси томонидан судолди тергов ишлари бошлаб юборилган. Тартибсизлик оқибатида 8 киши ҳалок бўлган ва 40 дан зиёд фуқаро жароҳат олгани ҳақида маълум қилинган эди. Бугунга келиб, оғир жароҳат олган яна икки киши касалхонада вафот этган.
Айни пайтда Кордайда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида полиция ва бошқа куч ишлатар органлар ходимлари кечаю кундуз навбатчилик қилмоқда. Барча автотранспорт воситалари қаттиқ текширувдан ўтказилмоқда, йўловчиларнинг ҳужжатлари кўздан кечирилмоқда.
Мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.