Кўп қаватли уй ертўласида қўзиқорин етиштирилмоқда
Фарғона шаҳар “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шерзодбек Турғунов Кореядаги Чуннам университетида ўқир эди. Пандемия сабабли уйига қайтиб, вақтинча ишсиз қолди.
“Ёшлар дафтари” га киритилган бу йигит оиласига нафи тегиш мақсадида янгиликка қўл урди. Онасининг маслаҳати асосида ўзи истиқомат қиладиган кўп қаватли уй ертўласида шифобахш ва даромад манбаи бўлган қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйди. Ҳаракат қилган, ўз олдига қатъий мақсад қўйган инсон орзуси, албатта, рўёбга чиқади.
Бошида унга ишонмаганлар, қаршиликлар бўлди. Қаровсиз турган ертўлани тозалаб, шинам ҳолга келтирди. Қўзиқорин етиштираётганларнинг олдига бориб, улардан ўрганди ва уни етиштира бошлади. Кам харажат, ортиқча меҳнат талаб қилмайдиган қўзиқориндан йил давомида ҳосил олиш мумкин. Айни кунда бир килограмм маҳсулотнинг улгуржи нархи 15-20 минг сўм. Маҳсулотнинг асосий харидори қўни-қўшнилар.
– Қўзиқориннинг “Вешанка” навини олиб келиб, парваришлаяпмиз, –дейди Шерзодбек. – Уни етиштириш учун тозалик, эътибор керак. Укаларим билан шу кунга қадар уч марта ҳосил териб олдик. Барча харажатларимиз 800 минг сўмга тушганди. Ҳозиргача икки миллион сўмдан ортиқ даромад кўрдик. Қўзиқорин инсон учун фойдали, оқсилларга бой. Уни парваришлаш жуда оддий. Иккиламчи хом ашё – шелуха махсус елим қопларга жойланиб, уруғ қадалади, қишда иссиқ жойда, ёзда салқинда парваришга қўйилади. Уруғлар ўн-ўн беш кунда ҳосил бера бошлайди. Битта бир килограмм шелуха солинган қопга жойланган уруғлар 6-8 килограммгача ҳосил беради. Қишда ҳамда ҳозирги кунда қўзиқоринга бўлган эҳтиёж кўп.
Ёш йигитнинг уй шароитида қўзиқорин етиштираётганини эшитган тенгдошлари ҳам бу бизнесга қизиқмоқда. Улар ҳам бўш турган ертўлада иш бошламоқда. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида яқинда иш бошлаган ёшлар етакчиси Фароғат Ҳалимжонова бу каби ёшларни қўллаб-қувватлашга, тадбиркорликка йўналтиришга ҳаракат қилмоқда.

– 23 та кўп қаватли уйларда яшаётган 4 минг нафардан ортиқ аҳолининг аксариятини ёшлар ташкил этади, – дейди Ф.Ҳалимжонова. – Оғир ҳудуд ҳисобланган маҳалламизда ёшлар билан ишлашга муҳим эътибор қаратмоқдамиз. Айниқса, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли тадбирларни ташкил этмоқдамиз. Йигирмадан ортиқ ёшларга тадбиркорлик сабоқлари ўргатиляпти.
Айни кунда 5 та кўп қаватли уй ертўла қисмида қўзиқорин етиштириш истагида бўлган ёшлар Шерзодбекдан амалий иш жараёнларини ўзлаштирмоқда. Шу мақсадда лойиҳа ташаббускорларига дастлабки босқич учун “Ёшлар жамғармаси” томонидан субсидия ажратиш юзасидан ўз таклифларимизни берганмиз. Фарғона вилоятида бугунги кунда “Ёшлар дафтари” да турган кўплаб йигит-қизлар Шерзодбек сингари бизнес ғояларини амалга ошириб, ҳаётда ўз ўрнини топмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА