Кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда
Нукусда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Нукусда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 13 мартдаги “2015 йилда Халқаро саноат ярмарка ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда анъанавий ўтказиб келинаётган ярмарка маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқараётган йирик саноат корхоналарининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
– Ярмаркада иштирокчилар ва харидорлар учун барча шароит яратилиб, корхоналарга шу ерда тузилган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган шартномалар ижроси бўйича қатор имтиёзлар берилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси директори ўринбосари С.Исматов. – Хусусан, маҳаллийлаштириш дастури ёки экспорт контракти асосида маҳсулот етказиб берувчиларнинг шартномалари қўшимча талабларсиз ярмарканинг ўзида рўйхатдан ўтказилади. Бюджет ташкилотларининг ярмарка даврида тузилган ва ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилган шартномалари қўшимча талабларсиз молиялаштирилади.
Саноат ярмаркасининг кўлами кенгайиб, иштирокчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, ўтган йилги ярмаркада 215 корхона ва ташкилот ўз маҳсулотини намойиш этиб, 10,6 миллиард сўм миқдоридаги шартномалар имзоланган бўлса, жорий йилда 300 га яқин корхона 3 мингдан зиёд турдаги маҳсулоти билан қатнашди. Ярмаркада Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидан элликка яқин корхона ҳам иштирок этди.
Тадбир доирасида озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари, тозалаш воситалари, уй-рўзғор буюмлари, қурилиш ашёлари каби 30 хилдан зиёд янги маҳсулотлар тақдимоти бўлиб ўтди.
– Ярмаркада илк бор ўз маҳсулотимизни намойиш этмоқдамиз, – дейди “Nukus evro stroy” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Озод Шимбергенов. – Асосан қурилиш-пардозлаш материаллари ишлаб чиқараётган корхонамизда 10 дан зиёд ёш меҳнат қилади. Яқинда икки хил янги маҳсулот – эмаль бўёғи ҳамда фасад учун травертин қопламаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугунги ярмаркада харидорларимиз янада ортиб, кўплаб шартномалар имзоладик.
Нукус шаҳридаги “Кардар” кўптармоқли ишлаб чиқариш корхонаси томонидан намойиш этилган мини-трактор, металлдан ясалган турли эшик, тўсиқ ва панжаралар, истироҳат боғларига ўрнатишга мўлжалланган ўриндиқлар кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Саноат ярмаркасида 12 миллиард сўмликдан зиёд икки томонлама манфаатли шартномалар тузилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Б.Янгибоев сўзга чиқди.