"Коня-2021": ютуқларга ундаётган шиддат
Кутилган ва кутилмаган натижаларни туҳфа этаётган V Ислом бирдамлиги ўйинларининг ҳар бир куни мамлакатимиз спортчилари учун ўзига хос кашфиётлар майдони бўлмоқда.
Бундан икки кун муқаддам 15 ёшли енгил атлетикачимиз Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида олтин медални қўлга киритганлиги "Коня-2021" ўйинларининг безаги бўлган бўлса, кеча, 14 август кунги мусобақаларда оғир атлетика, бадиий гимнастика баҳсларида ҳамюртларимиз қайд этган натижалар катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Жумладан, 89 килограмм вазн тоифасида медаллар учун кураш олиб борган Сарварбек Зафаржонов 3 та олтин медаль соҳибига айланиши, 96 кг. вазнда Суннатилла Ўсаров 2 та бронза ва 1 та кумушли бўлиши, 76 кг. вазнда баҳс олиб борган Нигора Сувонова даст кўтариш машқи якуни бўйича 93 кг. билан бронза медалини қўлга киритиши, 81 кг. вазн тоифасида Ригина Адашбоева даст кўтариш машқида 99 кг. тошни бўйсундириб, бронза медалига сазовор бўлганлиги ютуқларимиз юксалишига хизмат қилди.
Шунингдек, бадиий гимнастикачиларимиз Тахмина Икромова олтин ва кумуш, Сабина Тошкентбоева бронза медалларига эга чиқиши, гуруҳ машқларида Шаҳзода Ибрагимова, Наргиза Жуманиёзова, Нилуфар Аъзамова, Мумтозабону Исҳоқзода ва Мария Пакдан иборат бешлик 5 ҳалқадаги дастурда 34.750 балл билан олтин медалларга эгалик қилиши Коня спорт майдонлари узра Ватанимиз номи улуғланишини таъминлади.
[gallery-8311]
Кечаги кун мусобақалар дастуридан ўрин олган 4х200 метрга эркин усулда сузиш бўйича эстафета йўналишида Афсона Ниязова, Алёна Василева, Ситора Одилова ҳамда Уляна Низамутдиновадан иборат тўртлик 9:09.67 дақиқа вақт билан бронза медалга сазовор бўлди. 100 метрга эркаклар ўртасида баттерфляй усулида сузиш дастурида ҳамюртимиз Элдорбек Усмонов 53.79 сония билан қизларимиз натижасини қайд этди.
Ислом бирдамлиги ўйинларида олтин медалга сазовор бўлаётган спорт турлари сонини қиличбозликнинг рапира йўналишида Муҳаммад Юсуф Асранов оширди.
Шу тарзда ўйинларнинг якунланишига 4 кун қолганда ҳамюртларимиз муросасиз беллашувлар натижасида умумий ҳисобдаги медаллар сонини 94 тага етишини таъминлади. Шундан 27 та олтин, 24 та кумуш ва 35 та олтин.
Жамоалар орасида Туркия спортчилари 79-73-57, жами 209 та медаль билан якка пешқадамга айланиб олган бўлса, эронликлар 32-24-38(94) та совринли ўрин билан 2-поғонада бормоқда.
Ўзбекистон спортчиларидан кейинги 4 ва 5-ўринларда бораётган Озарбайжон спорт делегацияси 18-22-18(58) та, Қозоғистон вакиллари 16-15-26(57) та медаллар шодасига эга бўлиб турибди.
Бугун 15 август куни камондан отиш, стенддан отиш, дзюдо, қиличбозлик, оғир атлетика, сузиш, баскетбол 3х3, пара стол теннис, анъанавий турк камони баҳсларида ҳамюртларимиз совринли ўринлар учун курашларга киришади.
Эътиборли жиҳати, оғир атлетика баҳсларида олимпиада чемпионлари Руслан Нурудинов ва Акбар Жўраевнинг баҳсларга киришиши, қиличбозликда 11 нафар вакилимиз қатнашиши, дзюдода Диёра Келдиёрова етакчилигидаги 5 нафар вакилимизнинг татамига чиқиши, шунингдек, бошқа спорт турларида 21 нафар спортчимизнинг медаллар учун баҳсларга киришаётганлиги "Коня-2021"нинг бугунги мусобақалари медаллар жамғармамизнинг ортишидан далолат бераётгандек.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА