Конституциявий ислоҳотлар тарғиботи
Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзи сайланган округларда бўлиб, аҳоли билан мулоқот қиляпти, ҳудудларда ўрганишлар олиб боряпти. Халқ вакиллари ҳудудлардаги фаолияти давомида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Хусусан, Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев Хоразм вилоятида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлари мобайнида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар олиб борди. Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот берди.

Юзма-юз мулоқотларда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирди.
Депутат ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар бўлгани, бу эса Бош қомусимизда «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатаётганини таъкидлади.
Шунингдек, халқ вакили учрашувларда конституциявий комиссия томонидан аҳолининг фикр ва таклифларини қабул қилиш ишлари тизимли олиб борилаётганини, конституциявий ислоҳотларнинг амалга оширилиши самарадорлигида халқимизнинг ўрни ҳал қилувчи аҳамият касб этишини эътироф этди. Аҳоли вакилларини ушбу сиёсий жараёнларда янада фаол иштирок этишга чорлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА