Конституцияга ўзгартишлар киритиладими?
Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, жумладан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, давлат органларини ҳақиқий халқ хизматчилари тизимига айлантириш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар уларни амалга оширишга зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи Конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига кўймоқда.

Шу сабабли бугун Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар Бош қомусимиз – Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқди.
Фракция аъзолари Конституциянинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, амалдаги Конституция эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори ва энг асосий кафолати бўлиб келганини таъкидладилар. Эндиликда уни бугунги реал воқеликка мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун янада мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш бўйича ўзларининг аниқ позицияларини маълум қилди.
ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича илгари сурилаётган ташаббус Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги яна бир етакчи фракция — “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ҳам мақсад, вазифалари ҳамда сайловолди дастурлари билан ҳамоҳанглиги қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, ушбу масалани ҳар иккала фракцияларнинг қўшма йиғилишида муҳокамага қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Демак, яқин орада бу масала ЎзМТДП ва ЎзЛиДеП фракциялари аъзолари иштирокида қўшма йиғилиш форматида муҳокама қилинади. Қонун ижодкорлари Конституцияни такомиллаштириш масаласидаги ғоя ва фикрлар билан бир нуқтада бирлашган ҳолда Бош қонунимизга ўзгартиришлар киритиш борасидаги таклиф ва ташаббусларни қизғин руҳда муҳокама қиладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА