Конституция ва адолат устуворлиги – демократик тараққиёт пойдевори
Мамлакатимизда референдум асосида амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари ҳимояси, қонун ва одил судлов устуворлиги, ижтимоий сиёсатни кучайтиришда муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Асосий қонунимизда гендер тенглиги, иқтисодий ўсиш ва фаровонлик масалаларига алоҳида урғу берилганки, ҳамюртларимиз, айниқса, катта ёшдаги аҳоли вакиллари, аёллар ва ёшлар бу ўзгаришларни мамнунлик билан кутиб олди.
Конституцияда Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”деб белгиланди. Мазкур тамойиллар асосида, кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон – инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши; халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши; “одамлар ташвиши билан яшаш”, халқимизнинг қонуний талаб-истаклари ва хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш давлат органлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонига айланиши; барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Демократик жамиятнинг муҳим белгиларидан бири – бу жамият аъзоларининг қонун олдида тенглиги, конституциявий меъёр ва тамойилларнинг барчажабҳада устунлигида намоён бўлади.
Демократик жамият қуриш учун мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар адолатли бўлиши ва халқ манфаатларини ифода этиши лозим. Бундай қонунларга оғишмай итоат этилсагина жамиятда демократик муҳит қарор топади.
Давлатимиз Раҳбарининг 2025 йилнинг 21 ноябрь куни эълонқилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишида санага бағишланган маънавий-маърифий ва бошқа тадбирларни “Конституция - инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови” деган бош ғоя остида ташкил этиш ва муносиб нишонлаш белгиланди. Мазкур эзгу ғоядаги “адолат” сўзига диққатингизни қаратишни истар эдик.
Адолат тушунчаси, шубҳасиз, қонун устунлиги билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир қабул қилинаётган қонунлар замирида адолат ётиши лозим. Адолат принципига асосланган қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши пировардида инсон қадр-қимматини улуғлайди. Жамиятда ҳар бир шахснинг тенглик шароитида фаровон турмуш кечиришини кафолатлайди.
Мамлакатимизда қонунийлик ва қонун устунлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилган бўлиб, биринчидан, қонунларнинг бажарилиши устидан парламент, жамоатчилик ва идоравий ҳамда адлия органларининг назорати ўрнатилган. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўриши белгилаб қўйилган. Учинчидан, ҳар бир шахс ўзининг қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоялаш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидансудга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Тўртинчидан, қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан прокурорлик назорати мустаҳкамланган.
Умуман олганда, қонун устуворлиги ҳар бир инсонга ўз ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари қонунан кафолатлангани туфайли тинч, осойишта, хотиржам, ҳеч қандай ташқи таъсирлардан, зўравонлик ва ўзбошимчаликлардан қўрқмай яшаш имкониятини беради. Бундай жамиятда одил судлов мустақил бўлиб, самаралиамалга оширилади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 8-моддасида “ҳар бир инсон унга Конституция ёки қонун орқали берилганасосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга” деб қайд этиб қўйилган. Мазкур халқаро стандарт Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ўз ифодасини топган. Конституцияга кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган (55-модда). Ушбу конституциявий норма фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқлари кафолатларидан бири бўлиб, бузилган ҳуқуқларни тиклаш учун судга мурожаат қилиш имкониятини беради.
Шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда конституциявий шикоят институти жорийэтилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини янги даражага кўтарди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 133-моддаси иккинчи қисмига биноан, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса,судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишгаҳақли экани мустаҳкамланди.
Конституциявий шикоят институти инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган қонунни Конституцияга мувофиқлигини аниқлашга қаратилган бўлиб, шикоят фуқаролар ва юридик шахсларни қонуннинг Конституция принциплари ва нормаларига мувофиқлигини текшириш сўрови билан бевосита конституциявий назорат органига мурожаатини билдиради. Конституциявий судга мурожат қилишнинг пировард мақсади, муайян қонун нормасини Конституцияга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини аниқлашдан иборатдир.
Шу ўринда, фуқаро ва юридик шахслар Конституциявий суд ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқи чегараланганми, деган ҳақли савол туғилади. Бунга жавобан шуни таъкидлаш жоизки, бундай ҳолларда фуқаро ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаатларни Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар орқали киритиши мумкин. Мазкур субъектлар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддаси биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган.
Шу жумладан, Конституциявий қонуннинг 86-моддасига мувофиқ, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятлари, агар судда ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда ишни кўриб чиқиш тугаган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай берилади.
Ўз навбатида мамлакатимизда конституциявий шикоят институтининг татбиқ этилиши конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришга туртки берди. Шунингдек, қонунларнинг сифати ва самарадорлиги, уларнинг конституциявийлигини, давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштиришни таъминлашга хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар адолатга, инсон ҳуқуқи ва манфаатларига асосланган бўлса, бундай давлатда демократик қадриятлар барқарор суръатда ривожланади. Демократик қадриятлар эса ижтимоий-иқтисодий юксалишнинг ўзаги ҳисобланади. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳам мазмун-моҳиятан мана шу ҳақиқатга асосланади.
А.Каримов,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Мурожаатлар билан ишлаш
бўлими бошлиғи.